20:53 / 02.08.2019
3 627

Шавкат Мирзиёев банклар иш услубини тубдан ўзгартириши кераклигини айтди

Шавкат Мирзиёев банклар иш услубини тубдан ўзгартириши кераклигини айтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълумки, охирги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш учун катта миқдорда кредитлар берилди. Уларнинг 90 фоиздан зиёди давлат маблағларидир.

Ўтказилган ўрганишлар 2017-2018 йилларда банкдан кредит олган мингдан ортиқ тадбиркорларнинг лойиҳалари бўйича ер ажратиш, инфратузилмага уланиш, рухсатнома олиш, дастгоҳларни келтириш ва бошқа турли масалаларга доир муаммолар борлигини кўрсатган. Бу ўз навбатида берилган кредитларнинг қайтарилишини қийинлаштиради.

Шу боис Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига муаммолари бўлгани учун тўлиқ амалга оширилмаётган лойиҳалар рўйхатини шакллантириб, уларга амалий кўмак бериш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари банклар иш услубини тубдан ўзгартириб, тадбиркорларни уларнинг бутун фаолияти давомида қўллаб-қувватлаши, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши кераклигини таъкидлади.

Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни ўзлаштириш борасида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди кесимида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Тижорат банкларида ташкил этилган “Инвестиция марказлари” орқали бу кредитларнинг йўналишлари ва шартлари тўғрисида ҳар бир мижозга тўлиқ маълумот бериш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда фаолиятини тўхтатган кичик бизнес субъектларини қайта тиклаш масалалари ҳам таҳлил қилинди. Мутасаддиларга солиқ ва статистика маълумотларини таҳлил қилиб, ҳар бир корхонанинг фаолият кўрсатмаслик сабабларини аниқлаш вазифаси қўйилди. Ҳокимларнинг тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари ва жойлардаги иқтисодий комплекс идоралари раҳбарлари фаолиятини тиклаш имкони бўлган корхоналар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериши кераклиги таъкидланди.

Фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш, иш ўринларини легализация қилиш, янги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ҳисобига солиқ базасини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев банклар иш услубини тубдан ўзгартириши кераклигини айтди