«Ўзнефтгазинспекция» ўтказаётган текширишларда газ ўғирлаш ҳолатлари фош этилмоқда

  • 22 август 2019, 22:02
  • 756
  • Ўзбекистон
  • «Ўзнефтгазинспекция» ўтказаётган текширишларда газ ўғирлаш ҳолатлари фош этилмоқда
    Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

    «Ўзнефтгазинспекция» томонидан ўтказилган навбатдаги назорат текширувларида табиий газ истеъмоли билан боғлиқ қатор қонунбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

    2019 йил 1 январдан 15 августгача ҳаммаси бўлиб тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 1763 нафар истеъмолчи аниқланди. Айбдорларга тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга топширилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний тарзда фойдаланилган газ миқдори 39 780 минг куб метрни, яъни 40 миллиард сўмни ташкил этади.

    Биргина август ойининг биринчи 15 кунида тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 187 та улгуржи истеъмолчи аниқланган бўлиб, ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 3 200 минг куб метрни, шуниндек, 3 миллиард сўмни ташкил этган.


    Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

    Мисол учун, Навоий вилоятининг Кармана туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи «Баҳор Интер Азия» корхонаси томонидан 417 минг куб метр газ ўғирланган. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида жойлашган «Жарқўрғоннефть» АЖга қарашли «Қумқўрғон Эстакадаси»да 213 минг метр куб газни қонунга зид тарзда истеъмол қилинган. Шу каби ҳолатлар оҳак ишлаб чиқарувчилари томонидан ҳам содир этилиб, жумладан, «Қиробод мавжлари» МЧЖ (Бухоро вилояти Қоракўл тумани) 75 минг куб метр газни талон-торож қилган, «Орбита глобус» МЧЖ (Тошкент шаҳри Яшнобод тумани) томонидан 219 минг куб метр газ ўғирланган ва «Домтекс» МЧЖ томонидан (Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани) 330 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.


    Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

    Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида юқоридаги каби қонунбузарликларни содир этган 101 та истеъмолчи фош этилиб, ўғирланган табиий газ миқдори 1 396 минг куб метрни ташкил этиши аниқланди.

    «Ўзнефтгазинспекция» оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши ва бу борадаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақида доимий тарзда хабардор қилиб бормоқда. Табиий газдек қимматбаҳо энергия манбаи миллий бойлик бўлиб, ундан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш, давлат манфаатларига сезиларли зарар етказиш ҳолатларига қатъий чора кўрилади.

    Энергетика вазирлиги барча истеъмолчилардан табиий газ хом ашёни тежамкорлик билан сарфлашни, ундан оқилона фойдаланишни ва бу борадаги қонунчиликка қатъий риоя этишни сўрайди, дейилади хабарда.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » «Ўзнефтгазинспекция» ўтказаётган текширишларда газ ўғирлаш ҳолатлари фош этилмоқда