date
views 3 623

Бир кўйлакнинг баҳоси

Бир кўйлакнинг баҳоси

"Мен 1996- йили турмушга чиқдим. Эрим билан жуда аҳил ва иноқ яшар эдик. Қайнонам эса ўз қизидай севарди. Аммо арзимас бир воқеа бахтимни поймол қилди, ширин турмушга оғу солди.

Ўша куни эрим ишхонасидан мукофот пули олиб, онасига кўйлак олиб келган эди. Буни кўриб феълим бузилди. «Турмуш қурганимизга 3 йил бўлибдию, ҳали менга тузукроқ бир совға қилмади», деб ўйладим. Эримга айтувдим, «Фарзанд кўрганимиздакўйлак олиб бердимку», деди у бамайлихотир. Хунобим ошди. Кейин уйга борганимда ойим ярамга туз сепдилар: «Ўзи эринг орзу-ҳавас нималигини билмаган йигит экан...Мункиллаган онасини ясантириш ўрнига оиласини ўйласа бўлмайдими? Ахир сен ёшсан, авжи ўйнаб-куладиган давринг. Ҳозир киймасанг, қачон киясан? Адашдим, адашдим, бўлмаса ўша таги пастларга қиз берармидим..» Ойимнинг гаплари мени тамоман йўлдан оздирди. Тўнимни тескари кийиб олдим. Эрим ва қайнонам ҳайрон. Она-бола насиҳат қилишса- кар, йўл кўрсатишса- кўр бўлиб олдим. Гўё иззат-нафсим поймол, қадрим ер билан яксон, обрўйим бир пул, дилларим вайрон. Аммо қаттиқ янглишган эканман.

Хуллас, эрим ва қайнонамнинг ялиниб-ёлворишлари, панду насиҳатлари кор қилмади, ажрашиб кетдим. Ишга кириб дил яраларим тузалгандай бўлди. Аммо ўғлим «дада, дада»лаб йиғлаганида, «Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади», деб ажратиб олган онамнинг энди малол кўргандай қовоқ-тумшуқ осилтириб олганида нақадар машъум хатога йўл қўйганимни тушуним етдим. Бир парча мато деб, шундай меҳрибон, яқин кишиларимдан юз ўгирганимни ўйлаб туни билан оҳ чекаман, кўз ёшларим жаладай қуйилади".

Қайнона- хонадоннинг энг катта бекаси, хоними, эрингизнинг меҳрибон, сахий онаси. Эрингизнинг муҳаббати ва ҳурмати бошингизни айлантириб қўймасин, уйда ўзингизни хўжайин ҳис этиб ҳукм юритмоқчи бўлманг. Бу билан қайнонангиз ва ўзингиз ўртангизга совуқчилик туширасиз, чоҳ пайдо қиласиз, эрингиз ва яқинларингизнинг назаридан қоласиз.

Шундай экан, юқоридаги воқеадан ўзингизга тўғри хулоса чиқариб олишингиз керак бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бир кўйлакнинг баҳоси