Шавкат Мирзиёев ОАВ ва блогерлар фаолиятига қандай баҳо берди?

  • 08 декабрь 2019, 14:41
  • 877
  • Ўзбекистон
  • Шавкат Мирзиёев ОАВ ва блогерлар фаолиятига қандай баҳо берди?
    7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

    Xushnudbek.uz каналининг ёзишича, президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги уч йилда эришилган ютуқлардан бири сифатида мамлакатда сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этди.

    «Катта раҳмат, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга. Кўп-кўп нарсалар Ўзбекистонда очиқ айтиляпти, ҳамма буни кўриб турибди. Лекин битта нарсани билинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди! Қанча кўп очиқлик бўлса, оммавий ахборот воситалари одамларимизга ҳақиқий муаммоларни қанча кўп етказса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан», деди Шавкат Мирзиёев.

    Шунингдек, президент Ўзбекистонда ҳеч ким ОАВнинг қонуний фаолиятига тазйиқ ўтказмаслигини қатъий таъкидлаган.

    «Танқид албатта керак. Мана танқид бўляпти, хулоса ҳам бўляпти. Лекин биз ҳаммамиз изланишдамиз, ўрганишдамиз. Янги Ўзбекистон қуряпмиз, бир-биримизга таяниб, халқимизни рози қилишимиз керак. Яна бир марта такрорлайман, ҳамма билиши керак: Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди», дея қайд этди президент.

    » » Шавкат Мирзиёев ОАВ ва блогерлар фаолиятига қандай баҳо берди?