12:37 / 24.01.2020
2 430

Президент: «Бу жиддий масалада халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянамиз»

Президент: «Бу жиддий масалада халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянамиз»
Президент парламентга мурожаатномасида Шавкат Мирзиёев 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга кўрсатиб ўтди. Президент нутқида яна бир бор Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гапириб, гап аъзолик эмас, ҳамкорлик ҳақида кетаётганини таъкидлади.

«Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун бизга янги-янги бозорлар керак.

Бунинг учун бозор иқтисодиёти ва давр талабларига мос кўплаб қонун ва қарорларни қабул қиляпмиз. Лекин, афсуски, уларни ижро қиладиган кўпгина амалдорлар ҳали ҳам эскича иш услуби, расмиятчилик ва бефарқликдан қутулгани йўқ.

Очиқ бозор – маҳсулот сифатини ошириш, таннархни пасайтириш, янги технологиялар олиб келишга мажбур қилади, бозор ислоҳотларини жадал ривожлантиради. Содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш занжирларига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим.

Мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш учун тармоқ раҳбарлари ўз устида тинимсиз ишлаши шарт. Мана, нима учун бизга иқтисодий интеграция керак!

Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади.
Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.

Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда.
Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянамиз.

Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишларини якунлаб, тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этсин.

Шу билан бирга, биз Жаҳон савдо ташкилоти билан бошланган мулоқотимизни, ҳамда Европа Иттифоқи билан Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шунингдек, биз бошқа халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокимизни, янада кучайтирамиз
», деди президент.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: «Бу жиддий масалада халқимизнинг хоҳиш-иродасига таянамиз»