10:20 / 03.04.2020
4 180

Ўзбекистонда апрелда об-ҳаво қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот

Ўзбекистонда апрелда об-ҳаво қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот
Куни кеча баҳорнинг биринчи ойи якунланди. Бу йил март ойида об-ҳаво осойишта бўлди.

Ойнинг биринчи ўн кунлиги ўртасида совуқ ҳаво тўлқини кузатилди, ҳарорат кечаси 0-3 даража совуқ, кундузи 3-8 даража илиққача пасайди. Иккинчи ўн кунлигидан бошлаб ҳарорат тез кўтарилди ва айрим кунларда ҳатто 23-28 даражагача етиб, кўпроқ мартга қараганда апрел ойи охирини эслатди.

Мартнинг биринчи ярмида ёмғирлар жуда кам кузатилди ва кучсиз ёғди. Мартнинг иккинчи ярмида ёмғирлар кўпроқ ёғиб, айрим кунларда анча кучли бўлди. Масалан, Тошкентда 21 мартда сутка давомида ёққан ёмғир 20 мм ни, яъни бир ойлик ёғинлар миқдорининг деярли учдан бирини ташкил қилди.

Умуман олганда март ойи меъёрга нисбатан 1-3 даражага илиқроқ, ёғинлар миқдори эса республикамиз ҳудудининг катта қисмида ўртача кўп йиллик қийматлардан камроқ бўлди.

Апрель ойининг илк кунлари ҳам ўтди. Об-ҳаво беқарор бўладиган ҳақиқий баҳор келганини ҳис қилмоқдамиз. Апрелдаги ёмғирлар асосан локал характерга эга бўлади. Шунга кўра 3 апрелда фақат республикамиз шимоли — Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёмғир ёғиши кутилмоқда. 4 апрелда жануби-ғарбий ҳудудлар — Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида, 5 ва 6 апрелда эса шимолий ҳудудлар ва Фарғона водийсидан ташқари республикамизнинг қолган ҳудудида айрим жойларга ёмғир ёғиши мумкин. Шу даврда ҳарорат 17-22 даража илиқ атрофида, айрим кунларда 23-25 даражагача илиқ бўлади.

Кейинчалик, қисқа танаффусдан кейин Ўзбекистонда яна ёмғирли давр бўлиши кутилмоқда. Ундан сўнг апрелнинг охиригача қуруқ ва илиқ даврлар об-ҳаво беқарор бўладиган ёмғирли давр билан алмашиб туради. Ёмғирлар асосан қисқа муддатли бўлиб, момақалдироқ бўлади ва шиддатли шамол эсади.

Кундузги ҳарорат 20-25 даражадан 25-30 даража иссиққача ўзгариб туради, апрель ойининг охирги ўн кунлигида 30-33 даражагача кўтарилиши мумкин. Айрим кунларда ёмғир ёғаётганда ҳароратнинг 13-18 даражагача пасайиш эҳтимоли йўқ эмас.

Умуман, апрел ҳарорат режими бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин, айрим жойларда одатдагидан 1-2 даража илиқ ва ўртача нам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда апрел ойи йилнинг энг ёғинли ойларидан бири ҳисобланади. Одатда, апрелга қараганда фақат март ойи ёғинлар бўйича устун туради. Ўтган 2019 йил апрел ойи эса энг ёғинли, мамлакатимизнинг айрим минтақаларида эса Ўзбекистондаги бутун метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг ёғинли деб қайд этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда апрелда об-ҳаво қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот