12:00 / 20.07.2020
2 079

Президент: "Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморлар даволанишга тест қоғозисиз қабул қилинади"

Президент: "Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморлар даволанишга тест қоғозисиз қабул қилинади"
Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича йиғилиш ўтказилди.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар давлат раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, президент пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётганини айтди. Жумладан, охирги тўрт кунда мамлакат бўйича янги аниқланган 2136 нафар беморнинг 1218таси (яъни, 57 фоизи) пойтахт шаҳар ва Тошкент вилоятига тўғри келади.

Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморлар инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланди.

Тошкент шаҳрида мавжуд 16та клиникага қўшимча Covid-19’га шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7та 850 ўринли «провизор» клиникалар ташкил қилинди. Ушбу клиникаларнинг тиббиёт ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш масаласи ҳал қилинди.

Бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилиши таъкидланди.

«Коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200та функционал ётоқлар билан таъминланди», дея қайд этилди йиғилишда.

«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ушбу вирусга шубҳали бўлган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли Тақсимловчи марказ ташкил қилинмоқда.

Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.

Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250тагача кўпайтирилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100та «Дамас» амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25таси жойларга тарқатилди.

Пойтахт вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди.

«Ўзтелеком» корхонаси томонидан уяли телефон аппаратлари тарқатилмоқда.

Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.

Йиғилишда 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилгани, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилгани таъкидланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: "Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморлар даволанишга тест қоғозисиз қабул қилинади"