12:55 / 26.08.2020
2 724

Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди

Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди
Фото: Getty Images
Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев маълум қилди.

Унинг билдиришича, 24 август куни Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича COVAX халқаро механизмига 172 давлат қўшилгани ҳақида хабар берган. ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.

«Ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади. Ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган», — дейди Фурқат Санаев.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан бири бўлиб, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади. Ташкилотнинг 69-сессиясида унинг директорлигига сайланган доктор Ханс Клюге ўзининг илк расмий хорижий ташрифини 2020 йил 10 февраль куни Ўзбекистондан бошлаганди.

Шунингдек, 2019 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган ЖССТнинг олий органи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган.

«Ушбу кенг кўламли ҳамкорлик айни вақтда коронавирусга қарши кураш масаласини ҳам қамраб олган. Ҳозирда ЖССТ Европа минтақавий бюросининг вақиллари Олег Стороженко ва Таня Шмид юртимизда бўлиб, коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда», — дейди ССВнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди