Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, компания Onix ва Tracker’нинг янги комплектацияларини чиқаришга тайёрлаяпти. UzAuto Motors Chevrolet Onix ва Tracker учун шартнома беришни бошламоқчи. Компания вакили эски комплектациялар бўйича нарх ошмаслигини айтди.
Май ойи бошида UzAuto Motors компания билан шартнома имзолаш мумкин бўлган энг арзон моделлар – 207 млн сўмлик Onix ва 211 млн сўмлик Tracker-2’ни сотувдан олиб ташлади.
Kun.uz шартнома бериш қачон очилиши борасида UzAuto матбуот хизматидан изоҳ олди. Маълум қилинишича, яқин кунларда Onix ва Tracker-2ʼнинг янги комплектацияларига шартнома бериш бошланади.
“Бу агар режалар ўзгармаса, шу ҳафтага режа қилиняпти. Балки кейинги ҳафта бошида бошланар. Шу сабабли аниқ муддатни айтишимиз бироз қийин”, – деди Kun.uz билан суҳбатда компания вакили.
Унинг қўшимча қилишича, эски комплектациялар нархи [аввалгидан] қимматламайди. Янги комплектациялар нархлари ҳали маълум эмас.
Аввалроқ, UzAuto Motors вакили Tracker ва Onix қўшимча вариантлар билан сотувга чиқарилишини, автомобиллар нархи аввалгисидан фарқ қилишини айтганди.
“Янги вариантларда иситиладиган олд ўриндиқлар, тозалаш зонаси, иккинчи қатор ўриндиқлари, рул, олти томонлама созланиши, ҳайдовчи ўриндиғи, картер ҳимояси, “redline” пакети бўлади. Ҳозир янги конфигурациялар бўйича шартномалар очилишига тайёргарлик кўряпмиз”, – деганди компания вакили.
Компания Onix ва Tracker’га шартнома беришни тўхтатгач, жамоатчилик UzAuto Motors автомашиналарининг нархини яқин кунларда яна ошириши мумкинлигини тахмин қилганди.
Одатда, шартнома беришнинг тўхтатилиши инвентаризация ва кейинчалик нархларнинг ошиши билан боғлиқ. Жумладан, охирги 5 йил ичида UzAuto Motors турли баҳоналар билан нархларни оширишдан аввал автомобиллар савдосини тўхтатган эди. 2020, 2021 ва 2022 йилларда сотувлар март ойида қайта тикланган.
Сўнгги марта Tracker нархи 2023 йил январида ошган, Onix нархи эса 2022 йил декабр ойи охирида эълон қилинган эди.
Бюджет моделлар бўйича шартнома қачон тикланиши ҳамон номаълум
Ўтган йил декабр ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Genrta учун шартнома тузиш тўхтатилганди. Kun.uz мухбири билан суҳбатда компания вакили бу моделларга шартнома бериш қачон бошланиши ноаниқлигини айтди.
UzAuto Motors 2022 йил охиридан Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқаришни тўхтатганди, жорий йил охиридан эса Gentra ҳам конвеqердан олиб ташланиши режалаштирилган. Катта эҳтимол билан, яқин йиллар ичида Nexia-3 ва Spark ўрнига бошқа бюджет моделлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди.
Теlegramʼдаги Uzavtosavdo-bot маълумотларига таянилса, 15 май ҳолатига кўра, шартнома имзолаш имконияти мавжуд бўлган UzAutoMotors’нинг энг арзон моделлари: Onix - 207 млн 347 минг сўмдан (навбат 1577та), Маlibu 2- 419 млн сўмдан бошланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг