Қашқадарё вилояти ҳокими Мурод Азимов бошчилигидаги делегация Хитойга ташриф буюрди.
Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, ташрифнинг иккинчи куни JAC Mators компанияси фаолияти билан танишиб, ушбу компания ишлаб чиқараётган анъанавий ёки электромобилларни Қарши шаҳрида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди.
Билдирилишича, ҳозирда вилоятда енгил автомобил ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар кетмоқда. Давлат раҳбари томонидан вилоят ҳокимлиги учун Қарши шаҳрида анъанавий ёки электрда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш топшириғи берилган.
Қайд этилишича, компания Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари орасида ўзига хос нуфузга эга. Компания автомобиллари жаҳоннинг 60дан ортиқ давлатларида экспорт қилинмоқда. Делегация компания раҳбарияти билан икки томонлама учрашувда мазкур инвестиция лойиҳаси келгусида вилоятнинг ташриф қоғози бўлишини таъкидлади. Компания раҳбарияти тез орада Қарши шаҳрига келиши кутилмоқда.
Вилоятимизда энергия тежовчи, бошқаришга қулай ва ақлли машиналарни ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича музокаралар давом эттирилиб, ташриф давомида яна 2та йирик авто ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг