Ўзбекистонда транспорт хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчи ҳамда юк ташиш жараёнидаги қоидаларга риояни кучайтириш мақсадида янги тартиблар жорий этилди.
Маълум қилинишича, 4 сентябрдан бошлаб мамлакатда йўловчи ва юк ташиш соҳасида меҳнат интизомини бузган ҳамда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчилар учун белгиланган жарималар оширилди. Бу чоралар Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган янги қонунда қатъий равишда назарда тутилган.
Қонунда таъкидланишича:
Халқаро ва шаҳарлараро йўловчи ва юк ташиш ҳаракатларида белгиланган дам олиш режимини бажармадиган ҳайдовчилар 7 БРВ, яъни 2 884 000 сўм миқдорида жаримага тортилади.
Шунингдек, темир йўл ва метрополитен тизимида хавфсизлик қоидаларини бузган масъул шахслар ҳамда ходимларга 10 БРВ, яъни 4 120 000 сўмгача жарима қўлланиши кўзда тутилган.
Янги тартиблар йўловчи ва юк ташиш жараёнида хавфсизликни таъминлашни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Рақамли статистика кўрсатадики, 2024 йилда темир йўл транспорти ва метрополитенда 130 дан ортиқ жиддий қоидабузарлик аниқланган ва натижада 4 миллиард сўмдан зиёд моддий зарар етказилган. Шунингдек, тартибга солинмаган темир йўл кесишмаларида юз берган 38 та ҳолатда 11 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Шу билан бирга, Транспорт назорати инспекцияси ваколатлари кенгайтирилди. Энди мазкур орган нафақат буйруқлар чиқариш, балки бевосита жарима қўллаш ва қоидабузарликни оқибатсиз қолдирмаслик ҳуқуқига ҳам эга бўлди.
Бу чоралар Президент томонидан илгари сурилган транспорт хавфсизлиги концепциясининг узвий қисми ҳисобланади. Концепцияда ҳайдовчилик гувоҳномасини вақтинча тўхтатиш, қайта-қайта қоидабузарликларга чек қўйиш ҳамда имтиёзли жарима тўловларини бекор қилиш каби қатъий чоралар ҳам назарда тутилган.
Ушбу янги қоидалар йўловчи ва юк ташиш соҳасида фуқароларни масъулиятлиликка ва қоидага риоя қилишга ундайди, шу билан транспорт ҳаракатларини хавфсиз ва тартибли қилишга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!