date

Чиройли авторақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинади

Чиройли авторақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинади

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда транспорт воситалари учун «чиройли» давлат рақами белгиларини аукцион орқали сотиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида (.pdf) белгилаб қўйилган. Унда аввалги жараённинг «мураккаб» экани таъкидланган.

«Фуқаролар учун аукцион савдоларида иштирок этиш тартиби мураккаб ва кўп вақт талаб этиши, айрим тоифадаги давлат рақами белгилари учун бошланғич нархлар юқорилиги кенг аҳоли қатлами учун бундай рақамларни сотиб олиш имкониятини чекламоқда», дейилади ҳужжатда.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) тизимида ҳар қандай рақам белгиларини сотиш бўйича аукционлар, шунингдек, «чиройли» рақамларни оширилган ставкаларда бериш тартиби бекор қилинади.

Янги тартибга кўра, жисмоний ва юридик шахслар тўғридан-тўғри электрон мурожаат асосида онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини танлаб олиши мумкин бўлади.

Ушбу базадан қуйидаги ахборот тизимлари орқали фойдаланиш мумкин:

- ИИВ рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларида жойлашган инфокиосклар;

- Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси;

- ЙҲХХ расмий веб-сайти;

- Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

Танланган рақам ягона оширилган тўлов эвазига берилади, унинг миқдори эса 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.

ЎзРТХБ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб «чиройли» давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.

Аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилиб, сотилмаган «чиройли» давлат рақами белгилари:

- 1−3-тоифадаги давлат рақами белгилари Uzavtomotobelgi томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади;

- 4−6-тоифадаги давлат рақами белгилари «чиройли» бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартибида берилади.

Эслатиб ўтамиз, Uzavtomotobelgi давлат унитар корхонаси 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳарф ва рақам комбинацияларига эга бўлган ноёб давлат рақамларини очиқ электрон аукцион орқали тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Чиройли авторақамларни аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинади