Американинг машҳур электромобиль ишлаб чиқарувчиси Tesla 7 октябрь куни ўзининг икки асосий модели — Model Y ва Model 3нинг янгиланган, бироз арзонроқ версияларини тақдим этди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, янги автомобиллар олдинги моделларга нисбатан тахминан 5 000 долларга арзонроқ бўлади. Энди янги Model Y 40 000 доллардан, Model 3 эса 37 000 доллардан бошлаб сотувга чиқади.
Бундай нарх сиёсатининг жорий этилиши, мутахассисларнинг фикрича, Tesla’нинг электромобил бозоридаги рақобатни янада кучайтиришга уриниши билан боғлиқ. Яъни, компания ўз маҳсулотларини бензинли автомобиллар билан нарх жиҳатидан тенглаштиришни мақсад қилган.
Шу билан бирга, баъзи таҳлилчилар Tesla’ни янги моделлар ишлаб чиқаришда сусткашликда айблаб келган. Уларга кўра, компания GM, BMW ва айниқса Хитойнинг BYD компанияси каби рақибларга жавоб сифатида янги технологияларни жорий этишда кечикмоқда. Эслатиб ўтиш жоиз, ҳозирда BYD дунёдаги энг йирик электр транспорт ишлаб чиқарувчига айланган ва сотув ҳажми бўйича Tesla’ни ортда қолдирган.
Қайд этилишича, янги Model Y ва Model 3 учун солиқ имтиёзлари ҳам амал қилади, аммо улар фақат маълум даромад доирасидан паст бўлган харидорларга берилади. Масалан, йилига 150 минг доллардан ортиқ даромадга эга бўлган шахслар ёки оилавий даромади 300 минг доллардан юқори бўлган оилалар бу имтиёздан фойдалана олмайди.
Экспертлар таъкидлашича, янги моделлар бозордаги талабни ошириши ва Tesla’нинг бензинли автомобиллар билан рақобатини янада кучайтириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 1 апрели ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 65,2 мингдан зиёд электромобиль рўйхатдан ўтган. Бу рақам йилдан-йилга ортиб бораётганини инобатга олганда, мамлакатда электр транспорт воситаларига қизиқиш юқори эканлиги кўриниб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!