date

Лондонда “1F” рақами рекорд нархда сотувга чиқмоқда

Лондонда “1F” рақами рекорд нархда сотувга чиқмоқда

Буюк Британия пойтахти Лондонда бу ноябрь ойида жуда ноодатий аукцион бўлиб ўтиши кутилмоқда. Дунёдаги машҳур коллекционерлар ва автомобиль муҳлисларини бир жойга тўплайдиган RM Sotheby’s аукцион уйи “1F” рақамли давлат белгисини сотувга қўймоқда, деб хабар берди Daily Mail.

Ташкилотчиларнинг фикрича, “Формула-1” рақамига ўхшаш бу белгининг баҳоси 800 минг фунтдан 1,2 миллион фунт стерлинггача етиши мумкин. Агар ушбу савдо муваффақиятли якунланса, “1F” Британия тарихидаги энг қиммат рақамга айланади. Эслатиб ўтамиз, бугунгача рекорд “25 O” рақамига тегишли бўлиб, у 518 минг фунтга сотилган ва ҳозирда Ferrari LaFerrari суперкарида ўрнатилган.

Аукцион 1 ноябр куни ўтказилади. Маълумотларга кўра, “1F” рақами илк бор 1957 йилда Эссекс округида рўйхатдан ўтган ва шу пайтгача бир нечта эксклюзив автомобилларда, жумладан Ferrari 812 GTS моделларида қўлланилган.

RM Sotheby’s компаниясининг Британиядаги сотув бўйича директори Шолто Гилбертсон таъкидлашича, ноёб рақамларга бўлган қизиқиш ҳали ҳам жуда катта. “Қисқа комбинациялар ҳамиша коллекторлар орасида қадрли ҳисобланади. “1F” рақами бундан аввал ҳам катта суммага баҳоланган ва бу сафар янги рекорд яратилиши эҳтимоли юқори”, — деди у Daily Mail’га берган суҳбатида.

Буюк Британияда шахсий авторақамлар бозори ҳозирда 2 миллиард фунт стерлингга тенг бўлиб, бу соҳада мамлакат дунёдаги энг йирик бозорлардан бири ҳисобланади. Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги 30 йил ичида шахсий рақамларнинг нархи бир неча баробар ўсган.

Агар 1990-йилларда бундай рақамларни 2000–10 000 фунтга сотиб олиш мумкин бўлган бўлса, бугунги кунда айрим ноёб рақамлар 50 000 фунтдан юқори баҳоланмоқда. Айрим инвесторлар ҳатто рақамларга юз минглаб фунт сармоя киритиб, кейин уларни юқори нархда сотиб фойда олишмоқда. Баъзи ҳолларда бундай инвестициялар соатлар, заргарлик буюмлари ёки классик автомобиллар бозоридаги даромаддан ҳам юқори бўлади.

Бироқ Британиянинг “1F” рақами жаҳон рекордини янгилай олмайди. Чунки 2023 йилда Дубайда “P-7” рақами 55 миллион дирҳам (тахминан 12 миллион фунт стерлинг) эвазига сотилган. Бу рақам ҳозирча дунёдаги энг қиммат авторақам сифатида қайд этилган.

Қизиғи шундаки, ундан аввалги рекорд ҳам Дубайлик тадбиркор Саид Абдул Ғаффар Хурига тегишли бўлган. У 2008 йилда “1” рақамини 7 миллион фунтга сотиб олган ва уни ўзининг Rolls-Royce Cullinan ҳамда Mercedes G-Wagen автомобилларига ўрнатган.

Шундай қилиб, Лондондаги бу аукцион нафақат Британия, балки бутун дунё коллекционерларининг эътиборини тортмоқда. Мухлислар “1F” рақами янги рекорд ўрнатадими ёки йўқми — шу саволга жавобни 1 ноябр куни билишади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Лондонда “1F” рақами рекорд нархда сотувга чиқмоқда