Германияда ёқилғи бозоридаги беқарорликка барҳам бериш мақсадида янги ташаббус илгари сурилди. Мамлакат ҳудудий ҳокимиятлари бензин ва дизель нархларининг бир кунда бир неча марта ўзгаришини чеклаш таклифини киритди. Бу ҳақда Rheinische Post нашри маълум қилди.
Таклифга кўра, ёқилғи нархини кун давомида фақат бир марта — соат 12:00 да, яъни тушлик вақтида — ошириш мумкин бўлади. Шу билан бирга, нархни пасайтириш исталган вақтда амалга оширилиши мумкин. Мутахассислар фикрича, бу чора бозордаги барқарорликни таъминлаб, ҳайдовчилар орасидаги ноаниқлик ва ишончсизликни камайтиради.
Германия Федерал картель бюроси маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатдаги ёқилғи станциялари нархларни бир кунда 18-мартагача ўзгартириш ҳуқуқига эга. Бу эса ҳайдовчиларни чалғитади, бозорда ноаниқ вазият юзага келтиради ва ишончни пасайтиради. Янги тартиб ана шундай ҳолатларни олдини олиш ҳамда бозорни изга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ташаббусни Баден-Вюртемберг ҳукумати илгари сурган. Маълумотларга кўра, бу ғоя илк бор 2012 йилда Бундесратда муҳокама қилинган, шунинг учун юқори палатада уни қабул қилиш эҳтимоли катта деб баҳоланмоқда.
Ёқилғи соҳаси ва автозаправка операторлари ушбу ташаббусни ижобий баҳолашди. Автомойка операторлари иттифоқи вакили Герберт Рабльнинг таъкидлашича, “бундай чеклов бозорни барқарорлаштиришга ёрдам беради ва истеъмолчилардаги асабийликни камайтиради”.
Унинг сўзларига кўра, кўп ҳолларда станция эгалари ҳам нархлар нима учун кескин ўзгарганини аниқ билмайди. Бу қарорлар асосан йирик нефть компаниялари томонидан қабул қилинади.
Мутахассислар фикрича, ёқилғи нархларини бир кунда бир марта ошириш тартиби нафақат бозорни изга солади, балки фуқаролар учун шаффофликни оширади. Бу орқали ҳайдовчилар нарх динамикасини олдиндан билиб, ўз харажатларини режалаштириш имконига эга бўлади.
Германиядаги мазкур ташаббус ҳозирча муҳокама босқичида, аммо жамоатчилик ва ишлаб чиқарувчилар унинг қабул қилинишига умид билан қарамоқда. Шундай бўлса, мамлакат ёқилғи бозорида узоқ кутилган барқарорлик юзага келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!