
Ўзбекистонда йўналишли автобуслар ва тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига босқичма-босқич ташвиш тугмалари ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу Президентнинг “Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” бўйича қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда автобуслар ва тез ёрдам машиналарида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва тиббий ходимларни ҳимоя қилиш мақсадида қўриқлаш хизмати жорий этади.
2026 йил 1 январдан бошлаб қўриқловга олинган банклар, йирик корхоналар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа муҳим объектларнинг кириш-чиқиш нуқталарига юзни таниш технологиясига эга замонавий техник воситалар босқичма-босқич ўрнатилади. Улар “Хавфсиз шаҳар” тизими билан интеграция қилинади.
Қўриқланаётган объект ёки хонадондан келган ҳар қандай ташвиш сигнали бир вақтнинг ўзида ички ишлар органларининг ягона тезкор марказига, профилактика инспекторларига ва патрул-пост ходимларининг планшетларига юборилади.
2026 йилдан бошлаб техник қўриқловга олинган объектлар тоифаларга ажратилиб, улар учун дифференсиал тўлов тизими амалга киритилади.
Ҳужжатга кўра, ИИВ 2026 йил якунига қадар муҳим объектларни учувчисиз учадиган аппаратларга қарши мосламалар ва дронлар билан жиҳозлашни ҳам назарда тутган.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартга қадар “E-Қўриқлаш” электрон платформаси ишга туширилади. “Хавфсиз таълим” концепцияси доирасида давлат ва нодавлат таълим муассасалари, шу жумладан хорижий таълим филиаллари ҳам қўриқлаш сигнализациялари, ташвиш тугмалари ва видеокузатув билан жиҳозланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.