Хавфсизлик камари тақишдан кимлар озод этилади? Расмий рўйхат очиқланди

Адлия вазирлигида "саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган касалликлар" рўйхати давлат рўйхатидан ўтказилди. Энди белгиланган тиббий ҳолатларга эга шахслар хавфсизлик камари тақиш талабидан қонуний равишда озод этилади.
Қайд этилишича, мазкур касалликлар бўйича QR-кодли тиббий маълумотнома "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизими орқали бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки даволанган давлат тиббиёт муассасаси томонидан бепул берилади.
Рўйхатга жами 20 турдаги касаллик ва ҳолатлар киритилган. Улар қуйидаги асосий гуруҳларни қамраб олади:
Жароҳатлар ва синишлар: ўмров, тўш суяги, елка камари, қовурғалар ва умуртқа поғонаси синишлари.
Нафас олиш тизими: ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бронхиал астманинг IV босқичи, шунингдек, ўпканинг бир қисми ёки бутунлай олиб ташланган ҳолатлар.
Юрак-қон томир тизими: сурункали юрак етишмовчилигининг III ва декомпенсация босқичи, оғир инфаркт ва ишемия ҳолатлари.
Жисмоний ҳолатлар: III даражали (морбид) семизлик — тана массаси индекси 40 дан юқори.
Антропометрик ҳолат: бўйи 150 сантиметрдан паст бўлган шахслар (нанизм).
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур тартиб хавфсизлик камари тақиш соғлиқ учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларда инсон саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!