Европа учун илк гибрид BYD: Dolphin G модели тақдим этилди

BYD компанияси Европа бозори учун ўзининг янги ихчам хетчбеки — Dolphin G моделини расман намойиш этди. Ушбу автомобил мазкур линиядаги Европа бозорига чиқарилган биринчи гибрид моделга айланди. Янгилик ўзига хос дизайн, силлиқ чизиқли светодиод оптикаси, яширин эшик тутқичлари ва контрастли том қисми билан ажралиб туради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ўлчамлари бўйича модел Dolphin Сурф ва электрли Dolphin хетчбеклари оралиғидан жой олган. Автомобилнинг узунлиги 4160 мм, кенглиги 1825 мм ва баландлиги 1575 мм ни ташкил этади, ғилдираклар базаси эса 2610 мм га тенг. Юкхона ҳажми 425 литр бўлиб, орқа ўриндиқлар йиғилганда бу кўрсаткич 1225 литргача кенгаяди. Салонда 8,8 дюймли рақамли асбоблар панели ва комплектациясига қараб 10,1 ёки 12,8 дюймли мультимедиа экрани ўрнатилган.
Куч қурилмасининг асосини BYD ДМ-и гибрид тизими ташкил этади. У 1,5 литрли, 95 от кучига эга атмосфера двигатели ва олдинги электр мотордан иборат. Модел икки хил версияда таклиф этилади: 7,4 кВ·соат батареяли 175 от кучи ҳамда 18 кВ·соат батареяли 212 от кучига эга вариантлар. Фақат электр энергиясида юриш масофаси ВЛТП сикли бўйича 40 дан 105 км гача, умумий масофа эса 1040 км ни ташкил қилади.
Dolphin G ҳар қандай версияда 100 км/соат тезликка 8,3 сонияда эришади. Жиҳозлар рўйхатидан адаптив круиз-контрол, бўлакда ушлаб туриш ва автоматик тормозлаш тизимлари, иқлим назорати ҳамда парковка датчиклари ўрин олган. Юқори комплектацияларда ўриндиқлар ва рул иситгичи, смартфон учун сиmsиз қувватлагич, проекцион дисплей ва панорамали том мавжуд.
Испанияда BYD Dolphin G нархи комплектациясига қараб 25 200 евродан 30 700 еврогача белгиланган. Ушбу модел ўзининг тежамкорлиги ва замонавий технологиялари билан Европа хетчбеклари сегментида кучли рақобат ҳосил қилиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…