Электромобиллар кутилганидан чидамлироқ: 100 000 км масофадан сўнг батареялар ҳолати

Замонавий электромобилларнинг аккумуляторлари кўпчилик ўйлаганидан кўра анча секинроқ эскириши маълум бўлди. Янги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто 100 000 километрдан ортиқ масофа босиб ўтилганда ҳам, энг яхши моделларнинг батареялари ўзининг дастлабки сиғимини 95 фоиздан юқори даражада сақлаб қолмоқда. Бу кўрсаткич электромобилларнинг хизмат қилиш муддати борасидаги хавотирларни сезиларли даражада камайтиради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Австриянинг АВИЛОО компанияси томонидан ишлаб чиқилган диагностика тизими ёрдамида Швецияда 2022-йилдан 2024-йилгача ўтказилган таҳлиллар натижалари ixbt.com нашрида эълон қилинди. Тадқиқот давомида 9 954 та фойдаланилган электромобилнинг аккумулятор ҳолати текшириб чиқилди. Натижалар шуни кўрсатадики, аксарият оммабоп моделлар узоқ муддатли эксплуатациядан кейин ҳам ўз қувватини йўқотмайди.
Рейтинг етакчилари: Жанубий Корея брендлари устунлиги
Тадқиқот натижаларига кўра, аккумуляторнинг чидамлилиги бўйича энг юқори кўрсаткични 64 кВ·соат қувватли батареяга эга Kia э-Ниро модели қайд этди. Ушбу автомобил 100 000 км масофадан сўнг ўртача 97,25 фоиз сиғимни сақлаб қолган. Иккинчи ўринни худди шундай ҳажмдаги аккумулятор билан жиҳозланган Hyundai Kona Электрик (97,18%) эгаллади. Кучли учликни эса 77,4 кВ·соат батареяли Kia EV6 (95,95%) якунлаб берди.Шунингдек, кучли олтиликдан қуйидаги моделлар ҳам жой олди:
- Volvo XC40 Речарге (КАТЛ батареяси, 69 кВ·соат) — 94,70%;
- Polestar 2 (КАТЛ батареяси, 78 кВ·соат) — 94,35%;
- BMW i3 (120 Аҳ) — 93,77%.
Батарея тури ва ишлаб чиқарувчисининг аҳамияти
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, аккумуляторнинг чидамлилиги нафақат автомобил моделига, балки унда ишлатилган батарея турига ҳам боғлиқ. Бунга Tesla Model 3 мисолида яққол гувоҳ бўлиш мумкин. Ушбу моделнинг КАТЛ компанияси томонидан ишлаб чиқарилган литий-темир-фосфатли (ЛФП) батареяси 100 000 км йўлдан кейин 93,34 фоиз сиғимини сақлаган. ЛГ Чем батареялари ўрнатилган версиялар 91,5 фоиз, Панасоник аккумуляторлари эса модификациясига қараб 88,2 фоиздан 89,8 фоизгача натижа кўрсатган.Ўзбекистон бозорида ҳам кенг тарқалаётган Volkswagen ИД.4, Volkswagen ИД.3 ҳамда Audi e-tron каби моделлар ҳам юқори чидамлилик рейтингидан жой олган. Масалан, Volkswagen ИД.3 модели энг яхши 20 талик рўйхатида охирги ўринни эгаллаган бўлса-да, унинг аккумулятори 100 000 км масофадан кейин ҳам 91,79 фоиз қувватни сақлаб қолган.
Мутахассисларнинг фикрича, батареяларнинг деградациясига (эскиришига) фойдаланиш шароитлари, иқлим ва қувватлаш режимлари бевосита таъсир кўрсатади. Тезкор қувватлаш станцияларидан доимий фойдаланиш ва ҳаддан ташқари иссиқ иқлим эскиришни тезлаштириши мумкин. Шунга қарамай, умумий манзара ижобий: замонавий тортиш батареялари йиллар давомида ўз самарадорлигини юқори даражада сақлайди, бу эса иккиламчи бозорда электромобилларга бўлган ишончни оширади.






























Изоҳлар 0
…