Lada Azimut илк бор ён томондан зарба датчиклари билан жиҳозланди ва синовдан ўтди

Россиянинг AvtoVAZ компанияси ўзининг янги Lada Azimut кроссовери хавфсизлик бўйича энг мураккаб синовлардан бири — устунга ён томондан урилиш (краш-тест) имтиҳонидан муваффақиятли ўтганини эълон қилди. Ушбу синов БМТнинг №135-сонли қоидаларига мувофиқ ўтказилган бўлиб, у пассив хавфсизликни баҳолаш бўйича энг қатъий халқаро стандартлардан бири ҳисобланади. Шуниси эътиборлики, автомобилни сертификатлаштириш учун бундай синов мажбурий бўлмаса-да, ишлаб чиқарувчи уни ўз ташаббуси билан амалга оширди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Краш-тест жараёнида автомобил соатига 32 км тезликда ҳаракатлантирилиб, маълум бурчак остида қўзғалмас пўлат устунга йўналтирилди. Зарба ҳайдовчи эшиги соҳасига, яни реал йўл-транспорт ҳодисаларида оғир жароҳат олиш хавфи энг юқори бўлган нуқтага тўғри келди. Синов натижаларига кўра, барча хавфсизлик тизимлари штат режимида ишлаган.
Хавфсизлик тизимларининг янги даражаси
Тўқнашув пайтида хавфсизлик камарларининг тортгичлари, ён хавфсизлик ёстиқчалари ва ҳайдовчи ҳамда йўловчилар бошини ҳимоя қилувчи пуфланадиган пардалар (шторкалар) бир вақтда ишга тушган. AvtoVAZ маълумотига кўра, манекеннинг бош қисмига тушган юклама рухсат этилган максимал қийматнинг атиги 38,4 фоизини ташкил этган. Шунингдек, тос суяги, умуртқа поғонаси, сон ва қорин соҳасидаги кўрсаткичлар ҳам белгиланган меъёрлардан анча паст бўлиб, барча зоналар хавфсизликнинг "яшил" рейтингини олди.Lada Azimut моделининг ўзига хос жиҳати шундаки, у Lada автомобиллари тарихида илк бор қўшимча ён зарба датчиклари билан жиҳозланди. Ушбу датчиклар эшиклар ва кузовнинг марказий устунига ўрнатилган бўлиб, улар ички босим датчиклари билан ҳамоҳанг ишлайди. Бир нечта манбалардан маълумот олувчи электрон бошқарув блоки миллисекундлар ичида тўқнашув характерини аниқлайди ва ҳимоя тизимларини ишга тушириш ҳақида қарор қабул қилади.
Кузов мустаҳкамлиги ва фавқулодда чоралар
Юқори даражадаги ҳимояни таъминлашда юқори мустаҳкамликка эга пўлатдан ишланган кузов каркаси ва зарба энергиясини ютувчи дастурлаштирилган деформация зоналари муҳим рол ўйнаган. Ушбу ечимларнинг бир қисми Lada Vesta платформасида қўлланилган бўлса-да, Azimut учун конструкция сезиларли даражада такомиллаштирилган.Зарбадан сўнг автомобилнинг муҳим тизимлари ўз иш қобилиятини сақлаб қолди. Ёқилғи сизиб чиқиши кузатилмади, авария сигналлари автоматик равишда ёқилди ва эшик қулфлари очилди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириш тизими ҳам муваффақиятли фаоллашган. Аввалроқ ушбу модел учун мураккаб светодиодли ёритиш тизимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.
Ўзбекистон бозорида Lada бренди анъанавий равишда ўз ўрнига эга эканлигини ҳисобга олсак, хавфсизлик борасидаги бундай қадамлар янги кроссовернинг рақобатбардошлигини ошириши кутилмоқда. ixbt.com маълумотига кўра, Lada Azimut яқин келажакда бренднинг энг технологик ва хавфсиз моделлари қаторидан жой олади.






























Изоҳлар 0
…