19:35 / 29.06.2017
7 377

GM Uzbekistan автомобилларнинг нархлари нега долларга боғланганига изоҳ берди

GM Uzbekistan автомобилларнинг нархлари нега долларга боғланганига изоҳ берди
Cўнгги кунларда бир қатор электрон оммавий ахборот воситалари томонидан GM Uzbekistan АЖ фаолиятига доир, хусусан, савдо тизимидаги ўзгаришларга бағишланган бир қанча мақолалар чоп этилди.

Шу нуқтаи назардан ушбу ҳолатга корхона ойдинлик киритиб ўтди.

1. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар нархини АҚШ долларига боғлаш иқтисодиёт субъектлари томонидан кенг қўлланиб келинаётган амалиёт бўлиб, кўпчилик учун янгилик эмас. Масалан, миллий авиакомпания, мобил алоқа операторлари, интернет провайдерлари, туристик фирмалар ўз товар ва хизматлари учун тарифларини эркин конвертациядаги хорижий валютада, АҚШ доллари ёки Еврода белгилайдилар. Тўловлар Марказий банкнинг тўлов санасидаги расмий курси асосида миллий валютада амалга оширилади.

Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш жоизки, автомобиль учун олдиндан тўловнинг минимал миқдори (85%) амалга оширилгандан кейин тўловнинг қолган қисмига валюта курси ўзгариши таъсир қилмайди ва автомобиль учун тўлов шартнома тузилган кундаги курс асосида амалга оширилади, яъни автомобиль нархи ўзгармайди.

2. Автомобиллар нархлари авваламбор ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлардан, давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар, шунингдек, автомобилларнинг минимал рентабеллигининг мувофиқлаштирилган даражасидан келиб чиқиб шаклланади.
Нархларни асослашда ҳамда автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш давомида пайдо бўладиган харажатларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинади.

Шу билан бирга, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан монополист бўлган GM Uzbekistan фаолияти устидан, хусусан, автомобиль нархини белгилаш ҳамда нархларнинг келишилган меъёрларини қўллаш тартибига риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ давлат назорати амалга оширилади.

3. Автомобилсозлик – бу катта миқдордаги молиявий маблағ, вақт, техник салоҳият ва бошқа ресурсларни талаб қилувчи кўп ўлчовли жараёндир. Жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари тажрибаси шуни кўрсатадики, хомашёдан то тайёр маҳсулот, яъни автомобиль ишлаб чиқарилишигача ўртача 3 ойдан 6 ойгача вақт талаб қилинади. Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистон асосий денгиз маршрутларидан узоқда жойлашган ҳудудлар сирасига киради. Ўзбекистон автомобиль саноати умумжаҳон автомобилсозлик тизимининг узвий бир қисмига айланган бўлиб, ҳозирги кунда автомобиль ишлаб чиқариш учун керак бўлган муайян турдаги хомашё ва бутловчи қисмлар дунёнинг деярли барча қитъаларида жойлашган 20 дан ортиқ мамлакатлардан олиб келинади. Улар сирасига Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Италия, Мексика, Бразилия, Россия, Польша ва бошқа кўплаб давлатлар киради.

Ушбу омиллардан келиб чиқиб, тайёр автомобилни етказиб бериш муддатлари белгиланади ва ўртача 3 ой вақт талаб килади. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва нормативлари, логистика ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда GM Uzbekistan томонидан автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатларни қисқартириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва шунинг учун икки ойлик ишлаб чиқариш ҳажмидаги автомобилларга шартнома тузиб келинмоқда.

Албатта, корхона омборларида бир неча ойларга етадиган даражада бутловчи қисмларни олиб келиб сақлаш ҳам мумкин. Бироқ, бу ўз навбатида молиявий маблағларни катта миқдорда “музлатилишига” ва автомобиль таннархини ошиб кетишига олиб келади. Баъзи ҳолларда бундай сақланган материаллар сифати бузилиши ва яроқсиз ҳолга келиши хавфи бор.

Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, молиявий харажатларни камайтириш ва автомобиль таннархини меъёрий савияда ушлаб туришни таъминлаш мақсадида корхона омборларида ишлаб чиқариш режасига асосан керак бўладиган минимал миқдордаги хомашё ва бутловчи қисмлар сақланади.

Етказиб бериш муддатларини қисқартриш мақсадида ойлик равишда шартнома тузиш тизими тадбиқ қилинди ва натижада серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар етказиш бериш максимал муддати 60 иш куни деб белгиланди (Captiva, Malibu, Orlando автомобиллари бўйича етказиб бериш муддатлари 90 иш кунини ташкил этади). Бу тизимни татбиқ қилишнинг асосий мақсадларидан бири, харидорларни бир неча ойлаб ўз автомобилларини етказиб берилишини кутиш ва автомобиль нархи ўзгарганда қўшимча тўловларни амалга ошириш натижасида вужудга келадиган эътирозларни ҳамда ушбу ҳолатдан баъзи бир шахслар томонидан спекулятив равишда ғараз мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишдан иборат.

4. Автомобиль таннархини камайтиришда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари муҳим ўрин тутади ва бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиб, йилдан-йилга маҳаллийлаштириш даражаси ошиб бормоқда.

Бугунги кунга келиб, маҳаллийлаштириш дастурини ҳисобга олган ҳолда жами 160 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилди ва ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бунинг натижасида айрим моделлар бўйича маҳаллийлаштириш даражаси 70-75 %гача етди.

Шу билан бирга, баъзи бир турдаги бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш умумий ишлаб чиқариш ҳажмлари камида 500 минг дона автомобилга етганда самарали амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, темир, алюминий, полимерлар, цилиндрлар блоки, трансмиссия, тезлик узатиш қутиси, автомобиль ички компьютерлари каби баъзи хомашё ва бутловчи материаллар ҳозирги кунда чет элдан импорт қилинмоқда.

Юқорида келтирилган ва шу каби бошқа саволларни батафсилроқ ёритиш мақсадида GM Uzbekistan томонидан ОАВ вакиллари учун автомобилсозлик тармоғи корхоналарига матбуот сафари уюштирилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ташриф давомида журналистлар нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари, балки савдо тизиминда амалга оширилган янги ташаббуслар билан бевосита таништирилади ва ўртага ташланадиган саволларга тўлиқ ва батафсил маълумот берилади. Ушбу ташаббус жорий йилнинг 5 июлида Асака автомобиль заводида уюштирилади ва натижалари кенг оммага етказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » GM Uzbekistan автомобилларнинг нархлари нега долларга боғланганига изоҳ берди