09:50 / 20.07.2017
8 704

GM Uzbekistan мустақилликнинг 26 йиллигига янги автомобиллар тақдим этиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

GM Uzbekistan мустақилликнинг 26 йиллигига янги автомобиллар тақдим этиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди
19 июль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига таянган ҳолда GM Uzbekistan мустақилликнинг 26 йиллигига янги русумдаги автомобилларни тақдим этишини маълум қилинган эди.

GM Uzbekistan АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов 18 июль куни ЎзАга берган интервьюсида: «Корхонамизнинг бош шиори — харидорлар талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз ва қулай замонавий русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш. Шу мақсадда янги русумдаги моделларни жорий этиш устидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига халқимизга янги русумдаги автомобилларни тақдим этишни режалаштирганмиз», — деган эди.

19 июль куни хабардаги ушбу хатбоши қуйидагича ўзгартириб қўйилди:

«Корхонамизнинг бош шиори – харидорлар талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз ва қулай замонавий русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш, – дейди «GM Uzbekistan» АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов. – Шу мақсадда янги русумдаги моделларни жорий этиш устидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда».

Яъни мустақилликнинг 26 йиллик байрамига янги русумдаги автомобилларни тақдим этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги жумла олиб ташланди.

GM Uzbekistan’нинг ўзи эса Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб янги моделдаги автомобиллар чиқарилиши ҳақида баъзи ОАВлар тарқатган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини расман маълум қилди.

Таъкидланишича, «ушбу маълумотлар жорий йилнинг 5 июль куни босма ва электрон ОАВлар вакиллари учун ўтказилган пресс-тур чоғида тақдим этилган ахборотнинг нотўғри талқинидир».

«Ушбу тадбир чоғида компания раҳбарияти модель қаторини янгилаш доирасида автомобилларнинг янги русумларини ўзлаштириш масаласи ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган эди. Шу билан бирга, бундай лойиҳалар амалга ошириладиган аниқ муддатлар маркетинг тадқиқотлари якунланиб, техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилгач ва бошқа параметрлар белгиланган тартибда мувофиқлаштирилгач, аниқлаштирилиши таъкидланган эди», — дейилади хабарда.

Компания ОАВларни журналистика одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиб, хабарлар ва таҳлилий мақолалар тайёрлашда расмий ва холис ахборотга таянишни сўраб қолди.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » GM Uzbekistan мустақилликнинг 26 йиллигига янги автомобиллар тақдим этиши ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди