12:47 / 30.07.2018
6 062

«Ўзавтосаноат» раҳбари нархлар нега оширилаётганини тушунтирди

«Ўзавтосаноат» раҳбари нархлар нега оширилаётганини тушунтирди
Халқаро Пресс клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда "Ўзавтосаноат" вакиллари иштирок этяпти, деб ёзади Кун.уз нашри.

“Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқовнинг маълум қилишича, асосий муаммолар Асака шаҳридаги автомобиль заводи билан боғлиқ бўлган.

“Ҳақиқатдан ҳам муаммолар кўп. Уларнинг ечимини топиш учун вақт керак. Монополизация сўзидан қочиш лозим. GM Uzbekistan томонидан Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи ошиши фақат монополия билан боғлиқ эмас. Бу ерда кўп жиҳатлар бор. Биз нархлар нега оширилаётгани сабабини халққа етказишимиз керак.

Асака заводи бизнинг товар айланмасининг қарийб 90 фоизини ташкил қилади. Бу завод йилига 290 мингта машина ишлаб чиқариши мумкин, лекин мен келганимда бу 160-170 мингтани ташкил қилган. Қуввати деярли 50 фоизга ишлаган завод ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг таннархи юқори бўлади, ўзини оқламайди. Бу фуқаролар, харидорларнинг чўнтагига уради. Чет давлатларга экспорт қилиш салоҳиятини умуман йўққа чиқаради. Бугунги кунда экспорт қилишимиз учун автомобиллар таннархини 30 фоизга туширишимиз керак. Бунга кўп сабаблар бор. Асосий экспорт қилинадиган давлат - Россия. Россияда санкциялар киритмаган барча давлатларнинг брендлари бор. Улар ўз бозорини сақлаш учун ҳам турли тўсиқлар қўйишяпти.

Биз нима қилдик? Машиналар бутловчи қисмлари нархини 20 фоизгача тушириш ҳақида келишиб олдик. Буни босқичма-босқич қиламиз. Сабаби буларга бирданига 30 фоизга туширгин, деб бўлмайди. Улар кредитда ўтирган ташкилотлардир, бу уларни батамом ўлдиради ва автомашиналар чиқмай қолиб, бундан ҳам ёмон тақчиллик юзага келади. Буни тўғри тушуниш керак. Бу ҳолат бутловчи қисмга тушади, бутловчи қисм заводга боради, охири бунга харидор тўлайди. Бу ҳам қимматлашишига сабаблардан бири.

Шунинг учун биз йилнинг охиригача бутловчи қисмлар нархини 20 фоизгача туширамиз. Бу автомашинанинг ишлаб чиқариш нархини тўққиз фоизга тушишига олиб келади. Бундан ташқари, автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 220 мингтага, яъни йилнинг охиригача қўшимча 140 мингта машина ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.

Мен ваъда бераман: биронтаси олдимизга қўйилган бу мақсадга тўсқинлик қилиб, халақит бермайди. Яъни, бизга эҳтиёт қисмларни ўз вақтида етказиб беради, биз машиналарни ўз вақтида ишлаб чиқариб халққа етказамиз. Сунъий тақчиллик йўқ бўлганидан сўнг, автомашиналарга бўлган эҳтиёжни қондира оламиз. Таннархини ҳам шу услуб билан туширишга ҳаракат қиламиз”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 августдан Ўзбекистонда машиналар нархи ошиши хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » «Ўзавтосаноат» раҳбари нархлар нега оширилаётганини тушунтирди