date
views 7 852

“Тошшаҳартрансхизмат” Mercedes автобусларининг ёниши сабабларини маълум қилди

“Тошшаҳартрансхизмат” Mercedes автобусларининг ёниши сабабларини маълум қилди

Тошкентдаги жамоат транспортига масъул бўлган “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси сўнгги йилларда кузатилаётган Mercedes-Benz автобусларининг ёниб кетиши сабабларини маълум қилди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда.

Компаниядан маълум қилишларича, Mercedes-Benz автобуслари ёнишининг асосий сабаби – электр ускуналари тизими электр симларидаги қисқа туташувлардир.

“Ўзбекистон автобуслардан фойдаланиш айниқса оғир бўлган минтақага тааллуқли – бу ерда ҳаво кучли ифлосланган, ёз ва қиш ойларида атроф-муҳитдаги ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб туради ҳамда бу ҳолатлар автобусларнинг тегишли узель ва агрегатларига салбий таъсир кўрсатади ва уларнинг ишончлилигини пасайтиради – бу нарса Тошкентда фойдаланилаётган автобусларнинг ишлаб чиқарувчиси – Германиянинг Evo Bus GmbH компанияси томонидан ҳам тан олинган”, – дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” жавобида.

“Ушбу шароитларда Mercedes-Benz Conecto O345 автобусларининг 10 йилдан ортиқ ишлаши электр симларининг пластик изоляциясининг бутунлиги ишдан чиқишига сабаб бўлди. Автобусларнинг ҳаракат даври ошиб боргани уларда носозликлар келиб чиқади, меҳнат сарфи ошади, фойдаланишдаги ишончлилик пасаяди”, – дея қайд этишди компания вакиллари.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда Mercedes-Benz Conecto O345 автобуслари босқичма-босқич фойдаланишдан чиқарилмоқда ва 2015 йил охирига бориб ушбу автобуслардан фойдаланиш тўлиқ тўхтатилади.

Компаниядагиларнинг қайд этишича, нисбатан янги ҳисобланган паст полли Mercedes-Benz Conecto Low Floor автобусларидаги ёнғинлар ҳам иқлим шароитлари ҳамда автобус конструкциясидаги камчиликлар билан боғлиқ.

Автобусларнинг ёниши билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” комиссияси ёнғин сабабларини аниқлаш бўйича хизмат текширувлари ўтказмоқда. Хизмат текширувлари якунига кўра компаниянинг айбдор мансабдор шахсларни зарарланган автобусни ўз ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан жазолаш ҳақида буйруғи чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ёнғин ҳолати юзасидан автокорхоналарга махсус хабар жўнатилмоқда ва барча корхоналарнинг ҳайдовчилар таркиби билан тегишли йўриқномаларни бажариш, автобуслардан фойдаланиш техника қоидаларига риоя қилиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича навбатдан ташқари тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир ҳаракат таркибидаги ўтўчиргичларни ўз вақтида алмаштириш ва тўлдириш устидан назорат кучайтирилган.

Mercedes-Benz автобусларининг ёниши билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан Evo Bus GmbH’га хатлар йўлланган, ушбу мурожаатлар асосида компания экспертлари мустақил текширувлар ўтказишган.

Қайд этишларича, конструкциядаги носозликлар Mercedes-Benz Conecto Low автобусларининг 2012 йили (100та) ва 2013 йилда (100та) етказиб берилган партияларида кузатилган.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » “Тошшаҳартрансхизмат” Mercedes автобусларининг ёниши сабабларини маълум қилди