23:30 / 16.08.2018
5 803

Жиззахда «йўқ» машиналарнинг ноқонуний савдоси аниқланди

Жиззахда «йўқ» машиналарнинг ноқонуний савдоси аниқланди
Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, сохта ҳужжатлар асосида ички бозорда сотиб юборилган бир қатор транспорт воситалари фош қилинди.

Жиззахда аслида хорижга экспорт қилинмай, сохта ҳужжатлар асосида ички бозорга сотилган автмоашиналар сири очилди. Яъни «GM Uzbekistan» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва муқаддам қўшни давлатга экспорт қилинган 20 дона турли русумдаги транспорт воситалари ички худудда ноқонуний равишда сотиб юборилган ва ички ишлар органларида сохта маълумотлар асосида рўйхатга қўйилган экан.

Бу ҳолат Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан олинган, транспорт воситаларини рўйхатга олиш учун асос бўлган хисоб-маълумотномаларни ўрганиш давомида аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Жиззах шаҳри ва вилоятнинг Зомин, Ш.Рашидов, Фориш, Пахтакор, Дўстлик, Ғаллаорол каби туманларида истиқомат қилувчи бир нечта фуқаролар номига расмийлаштириб юборилган ушбу автомашиналарга тегишли маълумотномалар Наманган ва Асака шаҳридаги автосалонлардан олинган.

Аммо, автосалон эгалари тақдим қилган маълумотномалар бошқа маназарани намоён қилди. Яъни, ҳисоб-маълумотномалар аслида бутунлай бошқа шахслар номига ва бошқа турдаги транспорт воситалари учун расмийлаштирилганлиги, сохта ҳисоб-маълумотномаларда кўрсатилган муҳр ва исм-шарифлар эса сохта эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида юқоридаги автотранспорт воситаларининг 3 таси аллақачон жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ҳукмига асосан давлат эгалигига ўтказилиб, кимошди савдоси орқали сотиб юборишга ҳам улгурилган экан. 2 та автотранспорт воситаси эса айни пайтда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жойлардаги бўлимлари томонидан рўйхатга олинган.

Шундай қилиб, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришда ифодаланган мазкур хатти-ҳаракатларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят аломати мавжудлиги сабабли, мазкур модда билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилик масаласи ҳал этиш учун вилоят прокуратурасига юборилди.

Тергов жараёни давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Жиззахда «йўқ» машиналарнинг ноқонуний савдоси аниқланди