23:47 / 17.02.2019
7 630

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун аризани онлайн шаклда топшириш йўлга қўйилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун аризани онлайн шаклда топшириш йўлга қўйилади
2019 йил 1 апрелдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тартибда мурожаат этиш мумкин.

1 апрелдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ариза топшириш мумкин бўлади. Бу Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг 2019 йил 13 февралда имзолаган «Давлат хизматлари марказлари орқали тажриба тариқасида кўрсатилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим хизматларни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда кўзда тутилган.

Қўшма қарорга асосан, эндиликда фуқаролар жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тартибда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш учун мурожаат этишлари мумкинлиги, бунда уларнинг фотосуратлари Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасидан автоматлаштирилган тизим орқали олиниши (мазкур фотосурат мурожаатчини қониқтирмаган тақдирда, ўзи келган ҳолда фотосуратга тушиши мумкин) кўрсатилган.

Янгилик бутун республика бўйича жорий этилади. Хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари маркази орқали тақдим этиладиган электрон рақамли имзо талаб қилинади.

Киритилган маълумотлар текширилганидан сўнг давлат божини тўлаш учун квитанция тайёрланади. Тайёр ҳужжатни давлат хизматлари марказидан олиш мумкин.

Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги Йул ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматини кўрсатишнинг соддалаштирилган ҳамда автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарорига мувофиқ, амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда амалга оширилиши ҳамда 2021 йил 1 январдан эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмаслиги белгиланган.

Давлат хизматлари марказлари орқали миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш давлат хизмати 2021 йилнинг 1 январига қадар соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Мазкур давлат хизматидан фойдаланиш учун фуқароларимиз паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони, шунингдек ЭКОИҲнинг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари талаб этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун аризани онлайн шаклда топшириш йўлга қўйилади