13:18 / 08.09.2019
4 696

ЙҲХ бош бошқармаси «Суд орқа эшикка парда ўрнатишни қонуний деб топди» хабарини асоссиз демоқда

ЙҲХ бош бошқармаси «Суд орқа эшикка парда ўрнатишни қонуний деб топди» хабарини асоссиз демоқда
Фото: protoday.uz
Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан автомобилларнинг орқа ён ойналарига пардалар ўрнатиш мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарилгани хабар қилинган эди. Аммо Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан маълум қилинишича, ушбу хабар асосга эга эмас.

«2019 йил 6 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан автомобилларнинг орқа ён ойналарига пардалар ўрнатиш мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарилганлиги ҳақида тарқатилган хабарлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар маълум қилинади.

Биринчидан: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 646-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритилган.

Ушбу ўзгартиришларга кўра Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловаси (Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар) 7.4-бандининг изоҳида III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг (конструкцияси йўловчиларни фақат ўтирган ҳолда ташиш учун мўлжалланган автобуслар) орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилиши белгиланган.

Яъни III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларидан бошқа тоифадаги транспорт воситаларининг ён ойналарига парда (чий парда, дарпарда) ўрнатиш тақиқланади.

Иккинчидан: Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.3-бандига асосан ҳайдовчи жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Учинчидан: Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларда ГОСТ 33988-2016 (Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытаний.) давлатлараро стандартида келтирилган тушунчалар нотўғри талқин қилинган.

Жумладан, «Теварак-атроф кўриниши» (обзорность) ва «Олд томондан теварак-атроф кўриниши» (передная обзорность) тушунчалари чалкаштириб юборилган.

Ваҳоланки, Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.3-бандида ҳайдовчи жойидан теварак-атроф кўриниши, яъни (обзорность) назарда тутилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларда эса фақат «Олд томондан теварак-атроф кўриниши» (передная обзорность) гапирилиб, амалдаги меъёрий ҳужжатлар нотўғри талқин қилинган.

Тўртинчидан: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 126-моддасида ҳам «Теварак-атроф кўриниши» (обзорность) тўғрисида кўрсатилган.

Яъни, Кодексининг 126-моддаси бўйича маъмурий ҳужжатлар малакаланишида «Теварак-атроф кўриниши» (обзорность) ҳисобга олинади.

Юқорида баён этилганларга асосан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2019 йил 6 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларни асоссиз деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан чиқарилган қарор тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас», — дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан тарқатилган расмий баёнотда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » ЙҲХ бош бошқармаси «Суд орқа эшикка парда ўрнатишни қонуний деб топди» хабарини асоссиз демоқда