Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистоннинг ҳар қандай нуқтасида машина тезлигини 100 км/соатдан ошириш мумкин эмас. Тезлик 50 ёки 70 дан юқори юриш мумкин бўлмаган чеклов белгиларига кўзингиз тушади. Бутун Ўзбекистон бўйича максимал тезлик 100 км/соатдан ошмайди. Ҳаттоки, аҳоли яшамайдиган чўлларда ҳам тезликни 100 дан ошириш қоида бузиш ҳисобланади.
Энди савол туғилади. Ўзбекистонда ўзимиз учун ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг тезликни кўрсатувчи спидометрида 200, 220, ҳаттоки 260 км/соатгача кўрсатилган. Машиналаримиз 260 тезликкача юришга мўлжалланган. Бу — ўзимиз чиқарган қонунни бузишга шароит яратиш ҳисобланмайдими? Ёки бу ҳолатга аҳолини «подстава» қилиш орқали жарималарга тортиш усули деб қараш мумкинми?
Мутасаддилар бу эътирозга «машиналаримиз халқаро стандартларга мос равишда чиқарилган» деган навбатчи сўзлар билан ўзларини оқлашлари мумкин. Аммо ўша халқаро стандартларга жавоб берадиган йўлларимиз ҳам бўлиши керак эмасми? Шу жойига келганда эса халқаро стандартлар четга сурилиб турилади.
Ҳеч бўлмаганда ҳар бир вилоятда биттагина тезлик чекланмаган трасса ёки оддий йўл бўлганида ҳам ўзимизни алдашга баҳона бўлар эди.
Истаймизми-истамаймизми, ҳар ким ҳам машинасини имкон қадар юқори тезликда ҳайдаб кўришни яхши кўради. 200 км/соат тезликдан юқори юрадиган машинасининг қандай юришини ҳеч бўлмаганда бир бор синаб кўради. Бу албатта Ўзбекистонда мутасаддилар чиқариб қўйган йўл қоидасини бузиш ҳисобланади.
Йўл ҳаракати қоидаларига биноан, Ўзбекистоннинг ҳеч бир жойида тезликни 100, борингки, 110 км/соат тезликдан ошириш мумкин эмас экан, унда бизнинг ҳар бир тезликни оширганимиз қоида бузилиши сифатида талқин қилинади. Демак, ҳар куни Ўзбекистондаги қонунни кунига ҳеч бўлмаганда бир марта бузиб кўрамиз. Бу эса одамзотни қонун бузилишини одатий ҳол эканлигига кўниктиришдан бошқа нарса эмас.
Ўзимиз чеклов ўрнатиб, уни яна бузишга шароит яратиб қўйишимиз ниманидир англатмаяптими? Бу эса қонунларимизга нисбатан ишончсизлик ва ҳурматсизликни кучайтиради. Ҳар қадамда, ҳар сонияда дуч келадиган қоида ҳам аслида мана шу қоида бўлади.
ЙПХ ходими ёки радарлар бор жойдагина айнан «тезлик» қоидасига амал қиламиз. Бошқа жойда эса ушбу қоидани бемалол бузаверсак бўлади, деган тушунча қонимизгача сингиб бўлган.
Яқинда ўқиган маълумотимизга кўра, Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида шу йилнинг охиригача транспорт ҳаракатининг рухсат берилган энг юқори тезлиги 70 дан 60 км/соатгача пасайтирилиши мумкин экан. Бу яхши қарор, албатта. Автоҳалокатлар ва пиёдаларнинг ўлими камайишига хизмат қилади. Аммо ҳайдовчилар тезликни ошириб хумордан чиқадиган жой ҳам бўлиши зарур. Агар биз қонунга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, машинамизнинг спидометридаги тезликни синаб кўриш учун хорижга чиқиб келишимизга тўғри келади.
Одамлар орзусидаги тезюрар машиналарни чиқариб қўйиб, ҳақиқий ҳаётда тезликни чеклаб қўйиш — қоида бузилишлари ва жарималарни кўпайтиришдан бошқасига хизмат қилмайди.
Шерали Отабоев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”