08:12 / 26.06.2020
1 212

Ford Matiz’дан ҳам камроқ бензин «ейдиган» Focus моделлари савдосини бошлади

Ford Matiz’дан ҳам камроқ бензин «ейдиган» Focus моделлари савдосини бошлади
Фото: Ford
Ford компанияси 1,0 литрли EcoBoost «турбоучлиги», 48 вольтли стартёр-генератор ва 6 поғонали механик узатмалар қутиси ўрнатилган гибрид версияли Focus’ни сотувга чиқарди, деб хабар беради Motor.

Ford муҳандисларининг ҳисоб-китобларига кўра, 155 от кучига эга 1,0 литрли гибрид мотор 100 километр масофага 5,1 литр бензин сарфлайди. Янги модель 150 от кучи эга 1,5 литрли двигатель ўрнатилган тўртинчи авлод Ford Focus’дан 17 фоизга тежамкор.

Бу каби тежамкорликка паст айланишлар вақтида цилиндрлардан бирининг ўчиши, тормозланиш вақтида кинетик энергиянинг қайта тикланиши ва старт-стоп тизими ҳамда тезланиш вақтда стартёр-генераторнинг уланиши ҳисобига эришилган.

Фото: Ford
Электрификация Ford Focus’га 2021 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган Европа Иттифоқининг экологик стандарига мос келиш учун хизмат қилган — ис газининг ҳавога тарқалиши километрига 93 граммга қадар пасайтирилган.

Ҳозирда Ford Focus’нинг гибрид версиясини Европада буюртма қилиш мумкин. 125 от кучига эга базавий хэтчбек 24 минг евро, 155 от кучига эга 1,0 литрли электро «турбоучликка» эга моделни эса 28,25 минг еврога харид қилиш мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)