12:35 / 09.09.2020
912

Volkswagen ID.3 электрокарини синовдан ўтказаётган Илон Маск (видео)

Volkswagen ID.3 электрокарини синовдан ўтказаётган Илон Маск (видео)
Фото: LinkedIn/Ҳерберт Диэсс
Tesla компанияси раҳбари Илон Маск Брауншвейг аэропортига келиб, Volkswagen АG директори Герберт Дисс билан учрашди ва ID.3 электрокарини синовдан ўтказди, деб хабар беради Motor.

Маскнинг ID.3 хетчбекини ҳайдаётгани тасвирланган видеоролик Дисс томонидан ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида эълон қилинган. Видео аввалида у америкалик меҳмонини ID.3 — бу оммавий ишлаб чиқариладиган автомобиль ва ундан Tesla спорткарлари даражасини кутмаслик ҳақида огоҳлантирган. Бунга жавобан Маск хетчбек «оддий автомобиль учун яхши тезланиш динамикасини» намойиш этганини таъкидлаган.

Суҳбат давомида Tesla раҳбари Диссдан хетчбек йўлда ўзини сақлаш тизими билан жиҳозланган ёки йўқлиги, шунингдек, аккумулятор сиғими билан қизиққан. Дисснинг сўзларига кўра, ID.3 тизими «немис автомобилсозлиги учун оддий санъат намунаси» ҳисобланади, шунингдек, номинал батарея сиғими 55 дан 83 киловатт-соатгача етади.

Видео остига Маскнинг ушбу ташрифи Tesla ва Volkswagen ҳамкорлигига сабаб бўлиши ва ҳатто биргаликда янги модель яратилиши мумкинлиги ҳақида изоҳлар қолдирилган. Бунга жавобан Дисс Tesla билан ҳеч қандай битимлар режалаштирилмаётганини айтган. «Биз, шунчаки, ID.3’да сайр қилдик ва гурунглашдик», — дейди у.

Маскнинг Германияга боришидан асосий мақсади — Берлин яқинида Tesla-Gigafactory 4 заводидаги қурилиш ишларини кўздан кечириш бўлган. Мазкур завод 2021 йилдан бошлаб аккумулятор батареяларини, электромоторларни, шунингдек, Tesla Модель 3 ва Tesla Model Y’ни ишлаб чиқаришни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, май охирларида Jay Leno’S Garage шоусининг янги қисмида бошловчи Жей Лено Илон Маск билан учрашиб, Tesla Cybertruck электропикапида сайр қилганди. Улар биргаликда Лос-Анжелесда қурилган ерости туннели бўйлаб ҳаракатланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)