22:12 / 25.11.2020
1 928

Bugatti «авиация» Chiron Sport’ини тақдим этди (фото)

Bugatti «авиация» Chiron Sport’ини тақдим этди (фото)
Фото: «Motor»
Bugatti компанияси ўтган юз йилликнинг бошларидаги машҳур пойгачиларга ва уларнинг авиация билан мустаҳкам алоқаларига бағишланган махсус версияни тақдим этди. Chiron Sport Les Légendes du Ciel номини олган версия 20 нусхада ишлаб чиқарилади. Ҳар бирининг нархи — камида 2,88 миллион доллар, деб хабар беради Motor.

Bugatti’нинг аксарият ҳайдовчилари авиацияга алоқадор. Divo модели бағишланган Алберт Диво, масалан, ҳарбий учувчи бўлган. Ролан Гаррос каби у ҳам тинчлик замонида Bugatti Type 19 рулига ўтирган. Шунингдек, яна кўплаб машҳур пойгачиларга 20 нусха Chiron Sport Les Légendes du Ciel («Само афсоналари») бағишланади. Икки эшикли версиянинг ўзига хослиги — самолётларга тақлид қилувчи кўринишга эга дизайн ва шунга мос равишда безатилган салон.

Les Légendes du Ciel тақдим этилиши билан Centodieci ва La Voiture Noire’ни ҳисобга олмаганда, Bugatti Chiron версиялари сони олтитага етди. Одатдаги Chiron’дан ташқари, гаммадан Chiron Sport, Chiron Pur Sport, Chiron Super Sport 300+ ва Chiron 110 анс ўрин олган.

Фото: «Motor»
«Авиация» Chiron Sport’и Gris Serpent жилосиз рангига бўялган бўлиб, 1920 йилларда самолётларда ишлатилган рангларнинг замонавий уйғунлигини ўзида мужассам этади. Машина кузови олдига оқ чизиқ туширилган. Олд қанотлари Les Légendes du Ciel логотипи билан безатилган. Радиатор панжараси шаклдор пластинкаларга эга бўлиб, қирувчи самолёт рамзи ҳисобланади.

Фото: «Motor»
Chiron’нинг эшиги очилганида йўлга унинг махсус версия логотипининг проексияси тушади. Машина остонаси силлиқланган алюминийдан ишланган, двигатель каллаклари — углерод толадан. Салон Gaucho ёрқин-жигарранг чарми, углерод пластик билан қопланган.

Фото: «Motor»
Chiron Sport Les Légendes du Ciel 1500 от кучи ва 1600 Нм айланувчи моментга эга саккиз литрли W16 турбокомпрессори ёрдамида ҳаракатга келади. Узатмалар қутиси — етти поғонали «робот». Гиперкар соатига 100 километр тезликка 2,4 сонияда эришади. Максимал тезлиги — 420 км/соат.

Фото: «Motor»

Фото: «Motor»

Фото: «Motor»
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)