11:25 / 30.12.2020
3 180

Автомобилларни нотариал тасдиқловсиз ижарага беришга доир ҳукумат қарори қабул қилинди

Автомобилларни нотариал тасдиқловсиз ижарага беришга доир ҳукумат қарори қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил 10 январдан бошлаб каршеринг ташкилотларига нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини жисмоний ва юридик шахсларга 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқи берилади.

Белгиланишича:
  • каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт;
  • автомототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

Ички ишлар вазирлиги:
а) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида каршеринг ташкилотларига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти тақдим этилишини таъминлайди;

б) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимига тезкорлик билан киритиш бўйича ишларни кучайтиради;

в) Транспорт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади:
  • қоидабузар мижозларнинг хатти-ҳаракатидан, шу жумладан улар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун каршеринг ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш;
  • каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситаларини тўхташ жойларига етказиш, жойлаштириш ва сақлаш шароитларини яратиш.

Халқаро амалиётга мувофиқ, жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти каршеринг деб эътироф этилади.

Бунда автомототранспорт воситалари уларни ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши, шунингдек, кейинчалик учинчи шахсларга автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатиш учун жисмоний шахслар томонидан уларга берилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Автомобилларни нотариал тасдиқловсиз ижарага беришга доир ҳукумат қарори қабул қилинди