16:30 / 28.04.2021
3 294

Фарғонада электромобиллар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда


Фото: Давлат статистика қўмитаси
«Фарғона» кичик иқтисодий зонасида электромобиллар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент раислигида 27 апрель куни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Режага кўра, лойиҳани амалга ошириш билан Central Asia Cеramic компанияси (керамик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи) шуғулланади. Қиймати 520 миллиард сўмга баҳоланган объектни 2021 йилнинг ноябрида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 30 мингтани ташкил этади, ишчилар ўрни — 350 та.

2019 йилнинг сентябрида Президент Фарғона вилоятидаги «Қўқон» эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрган эди. Ўшанда «Шаффоф омадли саноат» хусусий корхонаси 2021 йилдан бошлаб Хитойнинг Silk Road Company компанияси билан ҳамкорликда электромобиллар ишлаб чиқаришни бошлаши маълум қилинганди. Электромобиллар нархи 3000 долларга баҳоланган. Бироқ ҳозирга қадар лойиҳа ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистон 2,9 миллион долларлик 131 дона, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида 91 дона электромобил импорт қилган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда электромобиллар импорти учун имтиёзлар амалда — улар учун бож ва акциз солиғи тўланмайди. Фақатгина тегишли йиғимлар ва ҚҚС тўланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Фарғонада электромобиллар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда