16:06 / 19.10.2021
3 189

Фарғонада дастлабки электромобиллар декабрь ойида тест режимида ишлаб чиқарилади

Фарғонада дастлабки электромобиллар декабрь ойида тест режимида ишлаб чиқарилади
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида электромобиллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошираётган Central Asia Motors корхонасида бўлиб, корхонани ишга тушириш билан боғлиқ жараёнлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фарғона механика заводи ҳудудида жойлашган ушбу корхонада умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган «Электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобиллар ишлаб чиқариш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу маблағнинг 5 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 миллион доллари банк кредити бўлса, қолган 40 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади.

Аввалроқ лойиҳа Хитойнинг Hong Kong ZRSC Technology компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши ва электромобилларни ишлаб чиқариш 2022 йилнинг декабридан йўлга қўйилиши тўғрисида хабар берилганди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Босқичма-босқич амалга ошириладиган ва 2022 йилда якунланадиган лойиҳа натижасида 350 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Тўла қуввати билан ишга тушгач, корхонада йилига 10 минг электромобил ишлаб чиқарилади.

Таъкидланишича, вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида корхона раҳбари лойиҳанинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берган. 2021 йилнинг декабрь ойида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида янги корхона конвеерларидан чиқади.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
«Ҳозирги кунда мамлакатимизда электромобилларни қувватлантириш шохобчалари оммалашмаганини ҳисобга олган ҳолда, дастлабки босқичда гибрид қувватли (ток ва бензин) электромобиллар ишлаб чиқарилиб, бунда электр қуввати 20 фоиздан камайганда бензин двигатели ишга тушади ҳамда бензин билан ишлаш жараёнида электромобил батареяси қувват олади», — дейилади хабарда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Ҳозирда электромобилларни йиғиш ва тест ускуналаридан ўтказиш цехи ҳамда электрофорез ва бўяш цехи ишлаб чиқариш жараёнларига тайёр бўлиб, электромобилларнинг кузов қисмини пайвандлаш учун цех ташкил этишга қўшимча ишлаб чиқариш майдонига эҳтиёж борлиги масаласи вилоят ҳокимига билдирилган. Вилоят раҳбари, механика заводи ҳудудидаги бўш турган майдонлардан ушбу инвестицион лойиҳани якунлаш учун белгиланган тартибда жой ажратиб бериш бўйича тегишли масъулларга топшириқ берган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» компанияси электромобиллар устида иш олиб бораётгани илк бор 2018 йил май ойида маълум бўлган эди. Компаниянинг ўша вақтдаги раҳбари Умиджон Салимов «яқин икки ой ичида электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича республика концепцияси ишлаб чиқилиши»ни билдирган эди. 2020 йилнинг ноябрида эса «Ўзавтосаноат»нинг R&D маркази муҳандислари «ярим йил ичида» нархи 10 минг доллар атрофида бўладиган, бир марта тўлиқ қувватлантирилгач, 150 километр йўл боса оладиган Labo электромобиллари ишлаб чиқарилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йил 29 декабрдаги қарорида «Ўзавтосаноат»ни фақат электродвигателда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар ва мототранспорт воситалари ишлаб чиқаришга ўтказиш мақсади ошкор этилган эди. Қарор доирасида компанияга 1 февралга қадар лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш учун хорижий эксперт ва консалтинг компанияларини жалб этиш ҳақида топшириқ берилган эди. Айни вақтда расмийлар 2021 йил охиригача Тошкентдаги барча ёнилғи қуйиш шохобчаларида электромобилларни қувватлантириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида баёнот берган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Фарғонада дастлабки электромобиллар декабрь ойида тест режимида ишлаб чиқарилади