09:37 / 16.04.2022
1 554

Ҳайдовчиларга меъёридан ортиқ баландликда мусиқа тинглаш ва сигнал чалиш тақиқланди

Ҳайдовчиларга меъёридан ортиқ баландликда мусиқа тинглаш ва сигнал чалиш тақиқланди
Ҳайдовчиларга 1 майдан бошлаб аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралар ҳамда двигатель шовқинини белгиланган меъёрдан баланд овозда қилиб фойдаланиш тақиқланди. Бу ҳақда 15 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров маълум қилди.

Эрали Бозоровнинг айтишича, ҳукуматнинг янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан ҳайдовчиларга бир қанча янги тақиқлар қўйилмоқда. Хусусан, аҳоли пунктларида магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа ускуналардан баланд овозда фойдаланган ҳайдовчига маъмурий чора кўрилади.

«Давлат стандартида шовқин меъёри деган нарса бор. У стандартлар яна бир кўриб чиқилмоқда ва янгиланмоқда. Албатта, бу бандни биз ўз-ўзидан қўшмаганмиз. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг энг кўпи мана шу масалада. Баъзилар кечқурун машинасида баланд мусиқа қўйганда машина қимирлаб кетади. Фуқароларга бу салбий таъсир кўрсатади. Эски йўл ҳаракати қоидаларида бу масаланинг ечими кўрсатилмаганди. Шуни инобатга олиб, янги банд киритилди. Айримлар маҳаллани ичига кириб олиб жуда қаттиқ сигнал беради.

Мусиқани баланд қўйиб олади. Бундай шовқин қилганларга чора кўриш бўйича банд 1 майдан кучга киради. Шу пайтгача биз чора кўра олмас эдик, фақат огоҳлантирардик. Энди чора кўриш вақти келди. Мутахассислар билан маслаҳатлашганимизда шовқин даражасини ўлчайдиган мосламалар бор экан. Йўл ҳаракати қоидалари кучга киргач, шундай мосламаларни олиб келамиз. Тезликни ўлчаш мосламаси, алкатестор каби ускуналар қаторига шовқинни ўлчайдиган мосламалар кириб келади. Шовқин баландлиги белгиланган стандартдан юқори бўлса, маъмурий чоралар кўрилади
», — деди ташкилот расмийси.

Маълум қилинишича, янги таҳрирдаги қарор асосида ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан (телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш бундан мустасно), транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган теле ва видеомонитордан теле ҳамда видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш ҳам тақиқланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ҳайдовчиларга меъёридан ортиқ баландликда мусиқа тинглаш ва сигнал чалиш тақиқланди