00:35 / 04.05.2022
1 322

Ернинг янги «ўпка»лари – иқлимни дарахтлар эмас, сув ўтлари қутқаради

Ернинг янги «ўпка»лари – иқлимни дарахтлар эмас, сув ўтлари қутқаради
Сўнгги йилларда кўплаб йирик компаниялар, ҳатто давлатлар углерод нейтраллигига эришиш ва атмосферага зарарли чиқиндиларни нол даражага туширишни мақсад қилиб олишди. Улар мақсадга эришиш учун углерод чиқиндиларини компенсация қилишига тўғри келади, масалан, дарахт экиш орқали.

Фото: yagazeta.com
Бироқ кўплаб экологларнинг дарахтларни кўпроқ экишга бўлган тарғиботлари бугунги кунда баъзи олимлар томонидан танқид қилинмоқда.

Бу эса атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорини камайтириш учун янги, юқори сифатли ва кенг кўламли ечимларга талабни оширмоқда. Бунда ечим ҳар қандай шакл ва ўлчамда табиий ва сунъий бўлиши мумкин.

Углерод нейтраллиги – компания ўз ишлаб чиқариш фаолиятида атмосферага карбонат ангидрид ва бошқа газларни чиқариш миқдорини нолга туширганини ёки бу чиқиндиларни манфий углеродли лойиҳалар орқали компенсация қилганини англатади.

Углерод нейтраллигига эришишнинг 3 та асосий усули бор:
  • атмосферага чиқиндилар миқдорини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига - сув, қуёш ёки шамол энергиясига ўтиш;
  • карбонат ангидридни ҳаводан сўриб олиш;
  • карбонат ангидрид миқдорини камайтирувчи лойиҳаларга сармоя киритиш орқали компенсация қилиш.

Планетанинг янги «ўпка»лари

Британиянинг Brilliant Planet компанияси углеродни ушлаб қолувчи, карбонат ангидридни атмосферадан тонналаб сўриб олувчи янги технологияни ишлаб чиқди. Компания углеродни очиқ осмон остида сунъий тарзда яратилган, денгиз бўйидаги саҳрода жойлашган ҳавзалар орқали ушлаб қолмоқчи.

Фото: Brilliant Planet
Ушбу кўллар фотосинтезловчи сув ўтларига тўлдирилган. Улар карбонат ангидрид газини атмосферадан дарахтларга қараганда анча кўп миқдорда сўриб олади. Британиялик олимлар ҳисоб-китобига кўра, сув ўтлари углеродни тропик ўрмонларга қараганда 35 баробар тез ютади, океанларда дунёдаги углерод захирасининг 10 фоизини сақлаб туради ва уни минг йиллар давомида хавфсиз қоладиган қатламларга йиғади.

Шунингдек, сув ўтлари денгиз жониворлари ва балиқларнинг 20 фоизига бошпана вазифасини бажаради. Улар тўлқин энергиясини ютиб, қирғоқларни емирилишдан сақлайди, кислород ишлаб чиқади ва денгизни зарарли моддалардан тозалашга кўмаклашади.

Янги технологиянинг фарқлари

Brilliant Planet ёндашуви бир қанча афзалликларга эга. Биринчидан, жараёнда чучук сув ишлатилмайди, яъни планета сув ресурсларига ортиқча юклама бўлмайди. Иккинчидан, кўллар саҳрода жойлаштирилади, кам ишлатиладиган табиий ресурслардан фойдаланилади. Бу жараён шунингдек, денгиз қирғоғидаги сувларни шўрсизлантириш имконини беради.

Фото: Shane Stagner / Unsplash
Аммо энг муҳими, Brilliant Planet ёндашуви иқтисодий самарали ва якуний кўрсаткичларни ҳисоблаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса атмосферага чиқиндиларни компенсация қилишга интилаётган компаниялар муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

«Иқлим ўзгариши муаммосини табиий ечимлари одатда жуда катта кўламли ва иқтисодий томондан самарали ҳисобланади, аммо бу усулда сўриб олинадиган углерод миқдорини ўлчаш, баҳолаш жуда қийин», - деб изоҳ берди Brilliant Planet бош директори Адам Тейлор. — Бошқа томондан олиб қаралса, ҳаводан углеродни сўриб олиш каби сунъий ечимлар ўлчашни осонлаштиради, бироқ бу технология жуда қиммат», — деб қўшимча қилди у.

Тейлорнинг таъкидлашича, компания ушбу талабларни бажариш усулини топган, лойиҳа якуний натижаларни ўлчаш, баҳолаш, таҳлил қилиш имконини беради.

Янгиликнинг муҳим жиҳатлари

Иқтисодиётнинг жуда кўп соҳаларида углерод нейтраллигига эришиш иложсиз, масалан, қишлоқ хўжалиги, авиация, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва ҳ.к. Айнан шу туфайли, углеродни жуда кўп миқдорда атмосферадан сўриб олиш зарурати туғилади. Бу соҳалар атмосферага зарарли чиқиндиларни компенсация қилиш имконини берувчи самарали ечимларга муҳтож.

Фото: Nariman Mesharrafa / Unsplash
Brilliant Planet каби инноваторлар углеродни тез ва арзон тарзда сўриб олиш, унинг миқдорини ўлчаш ва баҳолаш имконини берувчи технологияни таклиф қилмоқда.

Бу муаммонинг ҳал этилиши нафақат планетага ёрдам беради, балки бизнес учун ҳам кўплаб имкониятларни туғдиради. Компаниялар барча сифат стандартларига риоя қилган ҳолда, углеродни сўриб олишнинг самарали воситасидан фойдалана олишади.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ернинг янги «ўпка»лари – иқлимни дарахтлар эмас, сув ўтлари қутқаради