17:38 / 12.05.2022
5 728

Белгород яна ўққа тутилди. Россияда тинч аҳоли орасида илк қурбон бор

Белгород яна ўққа тутилди. Россияда тинч аҳоли орасида илк қурбон бор
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Солохи қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, етти киши яралангани тўғрисида хабар берди. Россиянинг Украина билан чегарасидаги аҳоли пунктлари доимий равишда ўққа тутиб келинмоқда, аммо шу вақтгача Белгород областида ҳам, бошқа областларда ҳам ўлим ҳолатлари кузатилмаганди, бу вақтда уруш бошидан буён БМТ Украинада тинч аҳоли вакиллари орасида тасдиқланган ўлим ҳолатлари сони 3,5 минг атрофида эканини маълум қилган.

Ҳужум оқибатида 17 та уй ва 6 та автомобил жабрланган. Фото: T.ME/VVGLADKOV
Украина билан чегарадош бўлган бошқа областлар губернаторлари каби Гладков ҳам ўз телеграм-канали орқали Россиянинг Украинага босқини билан боғлиқ сўнгги маълумотларни бериб келмоқда. Маълум қилинишича, дастлаб 6 ярадор ва бир вафот этган киши олиб келинган. Кейинроқ яраланганлар сони етти нафарга етган. У қурбонлар сони икки нафарни ташкил этаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этган.

«Етти киши яраланган, кечаси яна бир жабрланувчини олиб келишди. Федерал телеграм-каналлар 14 ёшли бола ҳалок бўлгани ҳақида ёзишмоқда. Аммо бу тўғри эмас. Бола тирик ва област шифохонасида қолмоқда», дея ёзган губернатор.

Губернатор телеграм-каналида Солохи қишлоғида олинган суратларни жойлаштирган.
Губернатор зарба оқибатлари акс этган суратларни эълон қилган. Унинг маълумотларига кўра, 17 та хонадон ва олти автомобил шикастланган, мактаб, почта бўлими ва дўкон ойналари тўкилиб тушган. «Қишлоқдаги уйлар ёнмаяпти - аҳоли пунктлари атрофида ўсиб турган қамишлар ёнган», дея қайд этган Гладков.

Ушбу қишлоқ Украина чегарасидан 20 километр масофада жойлашган. Эндиликда қишлоқ аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган.

Украина томони Солохи қишлоғи ўққа тутилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермади.

Ҳужум оқибатлари акс этган яна бир сурат
Кремл расмийси Дмитрий Песков бунга Россия ҳукуматининг реакцияси қандай бўлиши тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, «бу Украинага туташ ҳудудлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўриш зарарлигини кўрсатган вазият» эканини айтди.

У муайян чоралар ҳақида россиялик ҳарбийлар айтиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Журналистларнинг бу зарбалар Россия-Украина музокараларига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволига жавобан Песков шундай деган: «Кеча биз музокаралар ҳақида гаплашдик, кечадан буён ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ҳозир ҳам музокаралар йўналишида мақтангулик ҳеч нарса йўқ».

Украинага қарши уруш бошидан буён Белгород области расмийлари бир неча бор чегара яқинидаги қишлоқлар зарбага учрагани ҳақида хабарлар берган, аммо шу вақтгача қурбонлар тўғрисида маълумот бўлмаганди.

Регионал ҳукумат маълумотларига кўра, 14 апрел куни Журавлевка қишлоғида оксолка парчасида бир киши яраланганди, 19 апрел куни Головчино қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида уч киши тан жароҳати олган, 25 апрелда Журавлевка ва Нехотеевка қишлоқларига йўлланган зарбалар оқибатида икки киши яраланган, 26 апрел ва 5 май кунлари ҳам ушбу қишлоқлар ўққа тутилган, аммо яраланганлар бўлмаган.

«Интерфакс» ҳудуд расмийларига асосланиб ёзишича, 24 февралдан буён Белгород областига ҳужумлар оқибатида жами 200 дан ортиқ турар жойлар шикастланган.

Суратларга кўра қишлоқда жиддий вайронгарчиликлар кузатилмаган.
1 апрел куни Белгород шаҳрининг ўзида нефт базасида портлашлар ва ёнғинлар рўй берди. Ҳудудга иккита жанговар вертолёт орқали зарба берилган. РФ Мудофаа вазирлиги бу ҳужумда Украинани айблади, Украина ҳукумати эса бу ҳужум юзасидан расмий изоҳ бермаган.

Брянскда ҳам, Украина чегарасидан тахминан 110 километр ичкарида жойлашган нефт базаси ёниб кетди, аммо расмийлар буни ҳарбий ҳаракатлар билан боғламаган. Бошқа регионларда Украинага босқин билан алоқадор йўқотишлар қайд этилмаган.

Украинанинг ўзида, БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра тинч аҳоли вакилларидан 3 496 киши ҳалок бўлган, 3 760 киши яраланган. 11 май куни ташкилот бу якуний маълумотлар эмаслиги, ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, қайд этилган қурбонларнинг 238 нафари болалар.

Шу кунларда Запорожье области ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старух Камишевеха қишлоғи «шафқатсизларча бомбардимон қилингани» ҳақида хабар қилди, у ҳужум оқибатлари акс этган фотосуратларни ҳам эълон қилган. Унинг тасдиқлашича, «ўнлаб ракеталар» учиб келиши оқибатида ўнлаб бинолар шикастланган, бир киши ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.

Запорожье области ҳарбий маъмурияти раҳбари телеграм-каналидаги сурат
T.ME/STARUKHOFFICIAL

Лозовой шаҳри мэри Сергей Зеленскийга кўра, Харков областида омборхонага берилган ракета зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Украина томони маълумотларига кўра, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланадиган омбор бўлган.

Днепропетровск областидаги Кривой Рог ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул ҳам тинч аҳоли орасидаги бир қурбон ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, баравар ўт очиш реактив тизими орқали Зеленодольск бўйлаб зарба берилган. Россия мудофаа вазирлиги бу хабар юзасидан муносабат билдирмаган.

Украина қуролли кучлари Харков йўналишида Россия чегараси томон яқинлашмоқда, Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг хабар қилишича, айрим жойларда чегарага етиб келинган. Россия томони бу хабарга изоҳ бермаган. Ўққа учраган Солохи қишлоғи айнан Харков области билан чегарадош ҳисобланади.

Белгород мэрияси пайшанба куни тонгда «Война с фейками. Белгород» телеграм-канали орқали Украина армияси чегарадаги Середа қишлоғини эгаллагани ҳақидаги хабар асосга эга эмаслигини маълум қилганди.

Апрел ойида Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларида террорчилик хавфининг «сариқ» даражаси жорий этилганди. Шу кунларда Белгород ва Курск областларида бу режим 25 майга қадар узайтирилди.

Қоидага кўра, террорчилик ҳаракати содир этилишининг реал эҳтимоли тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлган ҳолда хавфнинг «сариқ» даражаси, теракт содир этилган ёки «тез орада содир этилиши» кутилаётган ҳолда «қизил» даражаси эълон қилинади. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Белгород яна ўққа тутилди. Россияда тинч аҳоли орасида илк қурбон бор