00:28 / 16.05.2022
2 627

Украина Харков учун жангда ғолиб келгани айтилмоқда. Буёғига нима бўлади?

Украина Харков учун жангда ғолиб келгани айтилмоқда. Буёғига нима бўлади?
Фото: BBCRussian
Харков мэри Игор Терехов россиялик ҳарбийлар Украинанинг энг йирик иккинчи шаҳри атрофидан чиқиб кетаётгани ҳақида хабар берган. Ғарбдаги ва украиналик таҳлилчилар Россия ҳарбийлари Харков учун жангни бой беришгани ва энди бор эътиборни Луганск ва Донецк областларини тўлиқ эгаллашга қаратишини таъкидлашмоқда.

Сўнгги икки ҳафта мобайнида украин қуролли кучлари Харков областида кўплаб аҳоли пунктларини озод этишди ва айрим районларда Украина чегарасигача чиқишди. Россия ҳарбийлари уруш бошидан буён Харков шаҳри ҳудудига киришмаган, аммо яқин масофадан туриб уни барча турдаги оғир қуроллардан ўққа тутиб келаётганди.

Россиянинг ракета зарбалари оқибатида Харков бош майдонидаги област маъмурияти биноси, шунингдек, Украина ИИВ ҳамда Украина Давлат хавфсизлиги хизмати бинолари вайрон қилинган. Артиллерия зарбаларидан айниқса шаҳар шимолидаги Шимолий Салтовка райони энг кўп жабр кўрган - бу ерда кўплаб турар жой бинолари харобага айланган, аҳоли эвакуация қилинган.

Тереховнинг сўзларига кўра, эндиликда муваффақиятли қарши ҳужумлардан кейин Харков шаҳри беш кундан буён ўққа тутилмаган. Бу вақт мобайнида россиялик ҳарбийлар фақат бир марта Харков аэропорти ҳудуди томон ракета учиришган, аммо украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уни уриб туширган.

«Россияликлар мунтазам равишда Харковни ўққа тутишди, чунки улар шаҳарга жуда яқин жойлашганди. Ҳудудий мудофаа кучлари ва Украина қуролли кучларининг саъй-ҳаракатлари эвазига улар Россия чегараси томон чекинишди. Ҳозирда Харковда тинчлик ҳукм сурмоқда, одамлар шаҳарга қайта бошлаган», деган Терехов BBC билан суҳбатда.

Терехов шаҳар ўққа тутилиши вақтида трамвай паркининг ярмидан ортиғи ва электр узатиш линияларининг 35 км қисми вайрон бўлгани, шу туфайли маълум вақт давомида жамоат транспорти чекловлар билан ишлаб туришини маълум қилган. Ҳозирча метро фаолияти тикланмайди.

Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов шанба куни Харков ўққа тутилмаётганини тасдиқлади, аммо регионнинг бошқа шаҳарлари, жумладан Чугуев, Лозовая, Дергачи ва Золочевга зарбалар йўлланмоқда. У одамларни ҳозирча шаҳарга қайтмасликка чақирган.

«Бу шуни кўрсатадики, бўшашишга ҳали эрта. Бизнинг қуролли кучларимиз душманни сиқиб чиқармоқда ва аҳоли ўз уйларига қайтишни бошламоқда. Бу ҳали ҳам жуда хавфли! Расман эълон қилинмагунча қайтмасликни сўрайман», деган Синегубов. Унинг сўзларига кўра, «чекинаётган душман мутлақо ҳамма жойни, ҳовлиларни, ўрмонзорларни, йўллар бўйларини ва ҳатто болалар боғчасидаги каравотларни ҳам миналаштирган». «Ҳозирда синчковлик билан миналарни зарарсизлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», дея қўшимча қилган у.

Харков учун жанг
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 13 май куни эълон қилинган тадқиқотида россиялик ҳарбийлар катта эҳтимол билан Харков атрофидаги ўз позицияларини топширишга қарор қилгани ҳақида хулоса берган.

Бунинг сабаби - украин армиясининг муваффақиятли қарши ҳужуми ва россияликларнинг бўлинмаларига қўшимча ёрдам жўнатиш билан боғлиқ муаммолар. «Шу тариқа, Украина, афтидан Харков учун жангда ютиб чиқди. Украина кучлари россиялик ҳарбийларга шаҳарни эгаллаш тугул, уни қуршаб олишга имкон бермади, кейин эса уларни шаҳар атрофидан ҳайдаб чиқарди, россияликлар Киевни эгалламоқчи бўлганида ҳам шундай ҳолат кузатилганди», дейилади тадқиқотда.

Украина қуролли кучлари Бош штаби сўнгги ҳисоботида «Харков йўналишида оккупантлар асосий эътиборни эгалланган позицияларни тутиб туришга, Харков шаҳри шимоли ва шарқидаги автомобил йўллари бўйлаб таъминот маршрутларини назорат қилишга, шунингдек украин ҳарбийларининг чегара томон ҳаракатланишига йўл қўймасликка қаратаётгани» айтилганди.

Россия армияси Харков областида бир неча муҳим аҳоли пунктларини сақлаб қолган, бу жойлар орқали Донбассда юриш қилаётган қўшинлар таъминоти учун фойдаланилаётган темирйўллар ўтган. Харковдан жанубдаги Изюм шаҳри россияликларнинг Донбассга юришларини ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда (урушнинг дастлабки босқичида шаҳар қамал қилинган вақтда унинг кўп қисми вайрон бўлган), чегарага яқин жойлашган Волчанск ва Купянск ҳам шулар жумласидан.

Изюм яқинида қарши ҳужум
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович шанба куни «Фейгин-Live» YouTube-канали эфирида украин кучлари «Изюм йўналишида кичик қарши ҳужум»га ўтганини хабар қилган. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари Донбассдаги йирик «ҳужум» бошланганидан буён илк марта россиялик ҳарбийларни асосий йўналишда тўхтатиб, муваффақиятли қарши ҳужумни амалга оширган. «Бу эса ҳарбий нуқтайи назардан улкан бурилиш нуқтасини англатади», дея ҳисоблайди Арестович.

Шанба куни Синегубов ҳам Изюм йўналишидаги қарши ҳужум ҳақида гапирганди, унинг сўзларига кўра, бу ҳудудда «душман бир неча йўналишда чекинмоқда».

Россия мудофаа вазирлиги сўнгги ҳисоботида Харков атрофидаги ҳарбий вазият ҳақида тўхталмаган.

«Бу Украина қуролли кучлари учун енгил сайр бўлгани йўқ. Ҳудуддаги далалар ва дарахтзорларнинг тит-пити чиқиб кетган. Шаҳарлар воронкалар (бомба портлаган жойда ҳосил бўлган чуқур) ва ёниб кетган дарахтлар қолдиқлари билан тўла. Деярли ҳар бир қишлоқда душманнинг яксон этилган танклари ва ҳарбий машиналари - бизнинг шикастланган техникаларимиз», дея қайд этади Украина армиясининг Харков мудофааси ва областдаги аҳоли пунктларини қайтаришдаги муваффақиятларини таҳлил қилган ҳарбий эксперт Кирилл Данильченко.

Харковдан шимолдаги Салтовка шаҳарчаси
Воқеаларнинг кейинги ривожи қандай бўлади?
Синегубовнинг фикрича, россияликлар армияси Харков шаҳри ва областни эгаллаш режасидан воз кечмайди. Аммо, унинг ёзишича, эндиликда украин ҳарбийлари вазият ёмонлашган тақдирда нима қилиш кераклигини билишади.

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) экспертлари фикрича, украин кучлари, катта эҳтимол билан Белгород ва Изюм атрофида жойлашган рус қўшинлари ўртасидаги таъминот маршрутларидан бирини кесиб қўйишга ҳаракат қилади.

Аммо Россияда бундай таъминот линиялари кўп, уларнинг баъзилари украинларнинг позицияларидан анча узоқдан ўтади. Шу туфайли, ISW экспертлари қайд этишича, энг ғарбий маршрут тўсиб қўйилса ҳам, Украина армияси бошқа линияларга яқин вақтлар ичида етиб бориши эҳтимоли жуда кам.

РФ армиясининг асосий саъй-ҳаракатлари аввалгидек Северодонецк (Луганск областининг Украина назоратидаги қисми маъмурий маркази) ва унга яқин жойлашган Лисичанскни шимол ва жанубдан ўраб олишга қаратилади.

Аммо шимолдан ҳаракатланаётган рус қўшинлари Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтолмади ва катта йўқотишларга учради. «Россияликлар бу йўқотишлар ўрнини тўлдириш, кенг кўламли ҳужумни давом эттириш ҳамда Северодонецк ва Лисичанскни қуршовга олиш учун етарлича янги жанговар кучларга эга бўлмаслиги мумкин. Гарчи улар буни қилишга уриниб кўрса ҳам», дея хулоса қилади америкалик таҳлилчилар.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Харков учун жангда ғолиб келгани айтилмоқда. Буёғига нима бўлади?