Фото: Getty Images
Россия армиясининг Донбассдаги юришлари сезиларли даражада фаоллашди. Кўплаб йўналишларда зарбалар берилмоқда, аҳоли пунктлари бирин-кетин штурм қилинмоқда ва кўп ҳолларда қишлоқ ва посёлкалар эгаллаб олинмоқда, Украина Бош штаби ҳисоботлари эса кундан кунга хавотирли тус олмоқда. Россия қўшинлари олдинга силжиши натижасида Северодонецк ва Лисичанск ҳудудидаги украин кучлари ўраб олиниши хавфи ортмоқда.
Донецк области шимолидаги Лиман шаҳрини штурм қилиш бошланган, сешанба куни кечқурун ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР раҳбари Денис Пушилин шаҳарнинг бир қисми россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланганини маълум қилди. Лиманга ҳужум бир неча кун олдин бошланганди.
Сешанба куни россиялик ҳарбийлар ва ДХР «халқ милицияси» кучлари Светлодарск шаҳрини эгаллаган ва маҳаллий маъмурият биносида Россия байроғини ўрнатишган. Баҳмут райони таркибидаги Светлодарскда урушга қадар 11 минг киши яшарди, бу шаҳарча район марказидан 28 километр жануби-шарқда жойлашган.
Британия разведкаси Россия ҳарбий бўлинмалари Северодонецк ва Лисичанскни қуршовга олиш учун шимол ва жанубдан аста-секинлик билан туташув нуқтаси томон ҳаракатланмоқда. Орада атиги 25 километрлик масофа қолган.
Северодонецк ва Лисичанск хавф остида қолгани ҳақида Украина Бош штаби ҳам хабар берган: унга кўра, душман Шимолий Донни кечиб ўтиб, агломерациядан шарқда реактив ва стволли артиллериясини жойлаштирмоқчи.
Жануброқда эса россиялик ҳарбийлар Баҳмут томон ҳаракатланмоқда ва бу шаҳарни Северодонецк билан боғловчи трассага чиқишган. Бу йўл орқали Северодонецк ва Лисичанскдаги украин кучлари таъминоти ўтади.
Донбассда нималар бўлмоқда?
Россия армияси Украина қуролли кучлари гуруҳини қуршовга олишга ҳаракат қилмоқда. Фронтдан келаётган хабарларга кўра, Россия икки ҳалқали қуршов ҳосил қилишга ҳаракат қилган. У ерда фронт чизиғи ёй шаклини ҳосил қилган - аввалига Изюмдан шарққа Ямпол орқали ўтиб, кейин Рубежное ҳудудида жанубга йўналади, сўнг Северодонецк ва Лисичанскни айланиб ўтади ва кейин Попасная, Горловка ва Донецк орқали жануби-шарқ томон йўналади.
Фронт чизиғи Украина ҳудудига икки нуқтада ичкарига ёриб кирган - шимолда Изюм районида ва жанубда Горловка атрофида - бу бўртиқлар Донбассдаги йирик санот маркази Краматорскда туташиши кўзда тутилган. Бу шуни кўрсатадики, Россия қўмондонлиги камида Донбассдаги Украина қуролли кучларининг энг йирик гуруҳини ўраб олишни ўйлаган.
Аммо сўнгги вақтларда россиялик ҳарбийлар яна иккита кичик йўналишда олдинга силжиётгани ҳақида хабарлар бор - шимолда Ямпол ҳудудида ва жанубда Попаснаяда. Улар муҳим йўллар ўтган икки йирик шаҳар томон йўналган: шимолда Ямпол орқали Словянск томонга, Попаснаядан эса Баҳмут томонга ҳужум қилинмоқда. Бу икки шаҳар М03 автомагистрали билан боғланган.
Украина Бош штабининг 23 май куни берган маълумотига кўра, Россия қўшинлари Баҳмутга ёриб киришга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозирча уринишлар муваффақиятсизликка учрамоқда. Украина Бош штабига кўра, Россия шимолдаги йўналишдан Ямпол ва Северск томон юриш қилишга тайёрланмоқда, бу ерда қўшинлар Шимолий Донни кечиб ўтиши талаб этилади, сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирча қўшинлар ҳаракати бошланмаган. Дарё бу икки шаҳар ўртасидан оқиб ўтади.
Ниҳоят, россиялик ҳарбийлар олдинга интилаётган яна бир йўналиш - Северодонецк ва Лисичанск ҳудудларида. Бу икки аҳоли пункти - амалда бир шаҳар. Ва бу Донбасс ёйидаги муҳим нуқта. Россия қўшинлари бу ерда ҳам ҳужум қилишни давом эттирмоқда ва жануби-ғарб томон йўналган бу саъй-ҳаракатлар украин қисмларини суриб чиқаришга қаратилган.
Аммо россиялик ҳарбийларнинг ҳаракатларини муваффақиятли ва тез суръатларда кетмоқда, дейиш қийин. Шимолий Донни кечиб ўтишда муаммолар бор, бу дарёдан ўтишда Россия армияси катта йўқотишларга учрамоқда.
Америкадаги Урушларни тадқиқот қилиш институти Украинадаги урушнинг бориши борасида навбатдаги ҳисоботида россиялик ҳарбийлар бу ҳафтада май ойининг аввалги ҳафталаридан кўра тезроқ илгарилаганини қайд этган. Маълум қилинишича, Кремль украин ҳарбийларини катта ҳалқа ичида қолдириш ниятидан қайтган ва алоҳида ҳудудларда кичикроқ гуруҳларни ўраб олишга эътибор қаратган.
Украина армияси қандай жавоб қилиши мумкин?
Юзага келган вазиятда Украина қуролли кучлари ҳаракати учун икки асосий вариант мавжуд. Биринчиси - Северодонецк ва Лисичанскни қолдириб, арьергард (асосий кучларни орқароқда қўриқлаб борувчи ҳарбий қисмлар) жанглар орқали жануби-ғарбга чекиниш ва Верхнекаменка - Баҳмут линиясини мустаҳкамлаш.
Бу Луганск областидаги сўнгги йирик аҳоли пункти бой берилишига олиб келади, аммо ҳозирда Северодонецк ва Лисичанск мудофаасида турган йирик гуруҳни сақлаб қолиш ҳамда ҳозирда Попаснаядаги плацдарм орқали юриш қилаётган рус қўшинларини тўхтатиш ёки камида уларнинг ҳаракатини секинлаштириш имконини беради.
Иккинчи вариант бостириб келаётган рус гуруҳларига қарши туриш учун жангга захирадаги кучларни ташлаш. Украинада бундай захира мавжуд, аммо шу вақтгача қўмондонлик уларни имкон қадар дарҳол урушга киритмасликка, балки олдинги чизиқдаги бўлинмалар билан босқичма-босқич ротация қилиб боришга ҳаракат қилмоқда.
Бу вариант шуниси билан хавфлики, агар Россия кучлари ҳужумини тўхтатишнинг уддасидан чиқилмаса, захира кучларисиз қолиш ва Северодонецк-Лисичанск агломерациясидаги йирик гуруҳ қуршовдан чиқиб кета олмаслиги мумкин. Бундан ташқари, замонавий уруш шароитида қўшинларни бир жойга тиғиз тўплаш жиддий хавф туғдиради - Россия армияси ҳамон ўт очиш қуроллари борасида катта устунликни сақлаб қолмоқда.
Учинчи вариант - россиялик ҳарбийларнинг яқинлашиб келишига қарамай, Северодонецк ва Лисичанкни ҳимоя қилишда давом этиб, бу ерни қалъа-шаҳарга айлантириш. Аммо бундай қадам фақат Украина қўмондонлиги яқин келажакда қамалдаги бўлинмаларини олиб чиқа олишига ишончи комил бўлсагина маънога эга бўлади.
Россия қўшинларининг муваффақиятлари нима билан боғлиқ?
Урушнинг биринчи босқичида муваффақиятсизликка учрагач, Россия Бош штаби йирик шаҳарлар ва улкан ҳудудларни тезкорлик билан эгаллашга қаратилган «наполеонча» режалардан воз кечди ва эътиборни нисбатан прагматик мақсадларга қаратди. Асосий мақсад сифатида Луганск ва Донецк областлари ҳудудини тўлиқ эгаллаш танланди.
Тўғри, бу тушунча ҳам дарҳол пайдо бўлгани йўқ - аввалига Донбассдаги бутун украин гуруҳини, кейин эса ярмини қуршовга олиш ҳақида ўйланганди, аммо Украина мудофаасини ёриб ўтишга бўлган уринишлар самарасиз бўлавергач, вазифалар янада торайди.
Аммо айнан шу стратегия - фронтнинг нисбатан кичик секторига тизимли ҳужум - Россия армиясига жонли куч ва техника бобидаги устунлигидан фойдаланиш имконини беради. Сон борасидаги устунлик эвазига Россия бўлинмалари рақибга бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳужум қилиши мумкин, бу Украина томони кучларини бир участкадан иккинчисига олиб ўтиш ва қарши ҳужум уюштиришини қийинлаштиради.
Уруш бошидаги каби зирҳли техникалар бўлинмалари орқали ёриб кириш билан эмас, кенг фронт бўйлаб бирдек ҳаракатланиш эгалланган ҳудудлар устидан ишончли назоратни таъминлайди, логистика ва фронт орти ҳимоясини осонлаштиради. Россия босқинининг биринчи ойида украинларнинг диверсия-разведка гуруҳлари Россия армиясининг таъминот колонналарини бирин-кетин яксон қилиб, олдинроққа чиқиб кетган кетган батальон-тактик гуруҳларини ёнилғи ва ўқ-дорисиз қолдирганди, аммо энди бундай тактика иш бермаяпти.
Секин ва оғир жанглар билан Украина мудофаасига зарар етказаётган россиялик ҳарбийлар қўшни участкаларда кичик қуршовлар хавфини юзага келтиришга муваффақ бўлишди, бу эса Украина армиясини ҳарбий қисмларни яхши мустаҳкамланган позициялардан олиб кетиш ва янгиларини эгаллашга мажбур қилмоқда.
Муайян вақтга қадар бундай ҳолат Украина қўмондонлигини қаноатлантирарди - бундай уруш шароитида бостириб келаётган кучлар қаттиқ қаршиликка учраб, кўплаб йўқотишлар берар, уларга топширилган ҳудудлар эса аҳамиятсиз ва жанг майдонидаги умумий вазиятни жиддий ўзгартирмаётганди, кичик чекинишлар орқали вақтдан ютилиб, қўшинлар қайта қуролланар ва захиралар тўпланарди.
Аммо ҳозирда мамлакат шарқидаги украин қўшинларининг ҳолати мураккаблашиб бормоқда. Россия армияси олдинга силжигани сари Северодонецк тўсиғи заифлашмоқда, бу ерда эса Украина қуролли кучларининг энг жанговар бўлинмалари жойлашган, қўмондонлик уларнинг тақдири бўйича таваккал қила олмайди. Украина армияси учун Северодонецкдан ғарбда жойлашган Лиман ҳудудидаги ва Светлодар яқинидаги жанубий қанотдаги вазият ҳам хавотирли тус олмоқда - бу ердаги қисмлар ҳам қуршовда қолиши мумкин.
Яқин вақт ичида Украина Бош штаби жиддий қарор қабул қилиши керак, унга кўра, Северодонецк йўналишидаги ҳарбий ҳаракатлар харитаси сезиларли ўзгаришларга учрайди. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)