
Фото: Getty Images
Украина қўшинлари бир неча кундан буён Херсон ҳудудида олдинга ҳаракатланмоқда. 31 май куни ҳолатига, украин ҳарбийлари маълумотига кўра, Херсон ва Запорожье областларининг айрим участкаларида улар 8-10 км масофада илгарилашган. Аммо ҳозирча Украина қуролли кучларининг ҳаракатларини кенг кўламли қарши ҳужум ёки чалғитувчи манёврлигини аниқ айтиш қийин.
Украин ҳарбийлари 30 май куни Николаевка қишлоғини қайтариб олишган, Чернобаевкада россияликлар ҳарбий техникалари базаси ва ўқ-дори омборларига зарбалар берилган. Икки аҳоли пункти ҳам Херсон области ҳудудига киради.
Херсон областининг катта қисми, хусусан област маркази бўлган Херсон шаҳри ҳам урушнинг илк ҳафтасидаёқ россиялик ҳарбийлар томонидан ишғол этилган. РФ мудофаа вазирлиги ўз ҳарбийлари бутун Херсон областини назорат қилаётганини иддао қилади. Украина эса бундай эмаслигини таъкидлайди.
Россияликларнинг Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги ҳужумлари Херсон ва Николаев областлари чегарасида, шунингдек Кривой Рог остонасида (Днепропетровск области) тўхтатилганди. Бу йўналишларда тўқнашув линияси март ойи ўрталаридан бери ўзгаришсиз қолмоқда.
Аммо Украина Бош штабининг 28 май куни кечқурунги ахборотида Херсон областида «муваффақиятли юришлар» амалга оширилгани ва россияликлар ўз эгаллаб турган позицияларидан чекинтирилгани айтилади.
Регионда ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, аммо ҳозирча Украина қуролли кучларининг ҳаракатларини кенг кўламли қарши ҳужум ёки чалғитувчи манёврлигини аниқ айтиш қийин.
Жадаллашиш ва ҳужумга ўтиш
«Мудофаа кучлари бўлинмаларининг ҳужумкор ҳаракатлари натижасида душман йўқотишларга учраб, Херсон областининг Андреевка, Лозовое ва Белогорка посёлкалари атрофидаги ноқулай позицияларга ўтишга мажбур бўлди», дейилган Украина қуролли кучлари қўмондонлиги хабарида.
Бу посёлкалар Николаев ва Херсон областлари чегарасида, Ингул дарёсининг сўл соҳилида жойлашган.
Бу ҳудудда, россияликлар оккупациясида бўлган Херсон шаҳридан 80 км, Новая Каховкадан 40 км масофада Давидов Брод шаҳарчаси ҳам жойлашган. Май ойи ўрталарида украинлар Давидов Бродда россияликларнинг ўқ-дори омборхоналарини йўқ қилишганди.

Украина армияси дарёни кечиб ўтди ва россияликлар эгаллаб олган ҳудудлар бўйлаб 10 км ичкари кирди
Бу ҳудуддаги янги муваффақиятли ҳужумлар тўғрисидаги маълумот шундан дарак берадики, Ингул дарёсининг ўнг қирғоғидан ҳужум қилаётган украин кучлари сувли тўсиғини кечиб ўтган ва бу томондаги соҳилда плацдарм ўрнатган.
30 май ҳолатига кўра, Украина қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги ҳужумкор ҳаракатлари давом этаётганди.
«Бизнинг бўлинмалар ҳужумкор ҳаракатларни, шунингдек душманнинг захираларини аниқлаш, уларнинг кўчирилишининг олдини олиш чораларини кўришда давом этмоқда», дейилади «Жануб» оператив қўмондонлиги хабарида.
Австриялик ҳарбий эксперт Том Купернинг ҳисоблашича, украинлар айнан шу йўналишда ҳужумга ўтишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Унинг маълумотига кўра, Украина қуролли кучлари 27-28 май кунларидаги юриш давомида жанубга 10 км масофага, Россиянинг 49-умумқўшинлари армияси назорат қилаётган Костромка посёлкаси томон силжиган.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович бу ҳудудда рўй бераётган ўзгаришларни кенг кўламли юриш эмас, «муваффақиятли қарши ҳужум» дея баҳолаган.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги қайд этишича, РФ қўшини Херсон областида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кучайтирмоқда, захираларни олиб келмоқда ва янги мудофаа линиялари ўрнатмоқда.
Чалғитишми ёки қуршовга олиш ҳаракати?
Ҳарбий экспертлар Украина армиясининг Херсон области шимоли-шарқидаги ҳаракатлардан қандай мақсадни кўзлагани борасида турли фикрлар билдиришмоқда.
Том Купернинг фикрича, Херсон остонасидаги қарши ҳужум - «идеал даражадаги чалғитувчи амалиёт» бўлади.
«НАТО кўмаги туфайли Украина Бош штаби Россиянинг ушбу ҳудуддаги энг йирик қўшинларига тўғридан тўғри зарба бераётганини жуда яхши билади. Аммо Бош штаб зарба беришда давом этмоқда ва бошланғич босқичда бу муваффақиятли кечмоқда», деб ҳисоблайди Купер.
Американинг «Урушларни тадқиқ қилиш институти» таҳлилий маркази 30 май куни ҳисоботида украинларнинг юриши россияликларни мудофаага ўтишга ва Херсон областига янги кучларни олиб келишган мажбур қилгани, аммо Украина қуролли кучларининг бу ҳудуддаги ҳужумларини кенг кўламли юришнинг бошланиши деб ҳисоблаш қийин экани айтилади.
«Украина кучлари 28 майдан буён ҳужум амалиёти амалга оширгани йўқ ва украинларнинг Херсон области шимолий қисмидаги қарши ҳужуми, катта эҳтимол билан катта ҳудудларни қайтариб олишга қаратилган кенг кўламли юриш эмас, балки Россиянинг олдинги чизиқдаги позицияларига зарар етказишга қаратилган локал амалиётлардир», дейилади таҳлилий институт хабарида.

Россия қўшинлари Херсон, Днепропетровск, Николаев ва Днепропетровск областларида артиллерия зарбалари билан жавоб қайтарган, Одессада олдинроқ бузиб ташланган кўприкка ракета зарбаси берилган. Таҳлилчилар бундай онда-сонда бериладиган зарбалар украинлар логистикасини издан чиқариши даргумон эканини қайд этишган.
Украинларнинг қарши ҳужумлари Россиянинг Украина жанубида оккупация қилинган ҳудудларда маъмурий назоратни мустаҳкамлаш борасидаги ҳаракатларини сезиларли даражада секинлаштириши мумкин.
Алексей Арестович эса Украина қўшини бу ерда ҳужумга ўтиш орқали Днепр дарёсининг ўнг соҳилида ўрнашган россияликлар гуруҳини қисқартиришга ҳаракат қилаётганини айтган. Ҳозирда бу бўлинмаларнинг бир қисми Херсоннинг ғарбида Николаевга таҳдид солиб турибди, бошқа қисми шарқроқда - Кривой Рог йўналишида жойлашган.

РФ мудофаа вазирлиги Херсон области тўлиқ назорат остида эканини айтмоқда
TASS/GETTY IMAGES
Ҳарбий эксперт, Украина қуролли кучлари Бош штаби оператив бошқармасининг собиқ ходими, полковнинг Олег Жданов бу икки қўшин ўртасидан ёриб кириб берилган зарба, чиндан ҳам россиялик кучлар қуршовга тушишига олиб келиши мумкин деб ҳисоблайди.
«Бу жуда муҳим йўналиш. Агар украин қўшинлари Днепрнинг ўнг соҳилида ҳаракатланаётган РФ армияси гуруҳларини асосий кучларидан узиб қўйишга муваффақ бўлса, амалда уларнинг Кривой Рог йўналишидаги гуруҳи қуршовга тушиб қолади», дея қайд этган у.
Ҳозирча украинлар Кривой Рогда рақибнинг ҳужумларини муваффақият билан қайтармоқда ва уларни шаҳардан 30-40 км масофада ушлаб турибди. Бу ҳудуддаги россияликлар Херсон жанубидан «узиб қўйилиши» уларга қўшимча кучлар ва ўқ-дорилар етказиб берилишини тўхтатади.
Бундан ташқари, агар Давидов Броддан Берисловга томон ҳаракатланаётган Украина қуролли кучлари (бу масофа тахминан 40 км) Днепр дарёсигача етиб бориши мумкин, келгусида соҳиллари бўйлаб Херсонгача юришни давом эттириш учун шароит ҳосил қилади. Олег Жданов келгусида воқеалар шундай ривож топиши мумкинлигини истисно қилмайди, барчаси украинларда куч ва воситалар мавжудлигига боғлиқ бўлади.
Шу билан бирга, у Украина армиясининг Днепрнинг чап соҳилига ўтиб, Новая Каховкани озод қилиш имкониятлари жуда кам деб ҳисоблайди. Бу шаҳар РФ учун стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга, бу ерда аннексия қилинган Қримга сув берувчи Шимолий Қрим канали тўғони жойлашган. Бу шаҳарни россияликлар босқиннинг илк кунларидаёқ эгаллашганди.
Шунингдек, Жданов Днепрдан ГЭС тўғони бўйлаб ўтиш ҳам украин қўшини учун жуда хавфли экани - бу жиддий йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини қайд этган.
«Бузғунчилик ҳаракатлари»
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 30 май куни мамлакат қуролли кучларида «бу йўналишда қаршилик кўрсатиш» учун «етарли куч ва воситалар мавжудлиги» ҳақида айтди.
Шу билан бирга, у украин армиясининг илгарилаши маҳаллий аҳолини босқинчилар билан ҳамкорлик қилишдан тийилишга ундашини айтиб ўтди.
«Бундай маҳаллий аҳоли муҳим ролни ўйнайди - улар Украина қуролли кучларига қанчалик ёрдам беришади ёки ёрдам беришмайди. Биз маҳаллий аҳоли вакилларининг айримлари босқинчиларга ишлай бошлаганида мураккаб вазиятга дуч келамиз», дея қайд этган мудофаа вазирлиги вакили.
Унинг сўзларига кўра, бундай «бузғунчилик ҳаракатлари» Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларини озод қилишни янада қийинлаштиради.

Армянск, россияликлар ҳарбий техникаси Херсонга олиб борувчи йўл бўйлаб ҳаракатланмоқда. 24 феврал
SERGEI MALGAVKO/TASS
Россияликлар томонидан «Херсон ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари» этиб тайинланган Кирилл Стремоусов Украина армияси муваффақиятли қарши ҳужум ўтказаётганини рад этиб чиқди.
Россия нашрларига берган изоҳида у украиналик ҳарбийлар Россия армиясининг област шимоли-шарқидаги позицияларига ҳужумлари Херсон хавфсизлигига таҳдид сололмаслигини маълум қилган.
Стремоусов украинлар Херсон областидаги мудофаа линиясини ёриб ўтиш учун икки бор уринишни амалга оширгани, аммо бу уринишларнинг иккиси ҳам муваффақиятсиз чиққанини айтиб ўтган.
«Украина ҳарбийлари сўнгги кунларда икки марта Давидов Брод қишлоғи атрофида Херсон области мудофаасига ҳужум қилди, аммо мағлубиятга учраб, жуда катта йўқотишлар берди. Улар ёриб ўтиш ва плацдармни эгаллаш, бу орқали Херсон ва Запорожье областларини узиб қўйишга ҳаракат қилишди», — деган Стремоусов.
Шу кунларда у Херсон областининг Украина назоратидаги қўшни областлар билан «чегаралари ёпилгани»ни маълум қилганди. Бу «хавфсизлик нуқтайи назаридан» қилингани айтилган. Эндиликда оккупациядаги ушбу ҳудуддан фақат Қрим ёки Донбассга ўтиш мумкин.
30 май тонгида Украинанинг «Жануб» қўмондонлиги россияликлар захира кучларини олиб келиб, Херсон областида, жумладан Новая Каховкада янги мудофаа линиялари ўрнатаётганини хабар қилди.
Херсон ҲудудиУкраина Қуролли КучлариҚарши ҲужумРоссия АрмиясиМудофаа ЛиниялариҲарбий Ҳаракатлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг