16:15 / 06.07.2022
2 644

Европа аэропортларида мисли кўрилмаган ҳолат...

Европа аэропортларида мисли кўрилмаган ҳолат...
Фото: dpa
Икки йиллик оғир пандемия давридан кейин илк бор ёзги мавсумда дам олиш имконига эга бўлган европаликлар кутилмаган муаммога дуч келишди: кўҳна қитъанинг ўнлаб аэропортларидаги иш ташлашлар сабаб минглаб авиарейслар бекор бўлмоқда. Таҳлилчилар йирик аэропортларда бошбошдоқлик, хаос ҳукм сураётганини таъкидламоқда.

SAS – «Скандинавия ҳаво йўллари» ширкатининг 900 нафар учувчиси иш ташлаш эълон қилди. Шу сабаб Швеция, Дания ва Норвегияда ҳар икки парвоздан бири бекор қилинмоқда. Учувчилар бир неча ойдан бери давом этаётган музокараларда иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда.

Париждаги Шарль де Голль номли аэропортда ҳам йўловчиларнинг турнақатор навбатини кўриш мумкин. Рейслар бекор бўлиши оқибатида минглаб йўловчилар аро йўлда қолмоқда. Меҳнаткашларнинг умумий касаба уюшмаси (CGT) вакили Николя Перейрага кўра, пандемиядан кейин аэропорт фаолияти деярли 95 фоизга тикланди. Аммо 20 минг ходим қисқартириб юборилгани сабабли ишчи-ходимлар жуда катта зўриқиш билан фаолият юритмоқда. Иш кўплигидан ходимларнинг танаффус олиши ҳам имконсиз бўлиб қолмоқда. Ходимлар қўшимча иш кучи жалб этиш ва маошни оширишни талаб қилмоқда.

Йўловчилар юкларини вақтида ололмаётганидан ҳам шикоят қилмоқда. Гарчи Air France ширкати расман узр сўраган бўлса-да, вазият ҳали-вери изга тушадиганга ўхшамайди.

Испанияда ҳам учувчилар, стюардессалар намойишлари давом этмоқда. Хусусан, easyJet, Ryanair каби лоукостерлар ходимлари маош борасида кескин талаблар билан чиқмоқда. Қиролликнинг Iberia авиакомпанияси эса 1 мартдан буён паспорт назоратидаги навбатлар сабаб 15 мингдан зиёд йўловчи парвозга кечикканини маълум қилган.

Германия аэропортларида ҳам шундай вазият кузатилмоқда. Соатлаб навбатда турган йўловчилар ўз учоғига улгура олмаётир. Чунки аэропортларда ишчи-ходим етишмаётир. Пандемия даврида ширкатлар минглаб ишчи-ходимларнинг баҳридан ўтган. Сайёҳлик аста-секин оёққа тура бошлаган ҳозирги паллада эса керакли ишчиларни тез муддатда қабул қилиш амримаҳол.

Сўнгги ҳафталарда биргина Lufthansa авиаширкати 3000 га яқин рейсни бекор қилишга мажбур бўлди. Июнь ойи охирида компания ижрочи директори Карстен Спор пандемия даврида кўп сонли ходимларнинг бўшатилгани хато бўлганини тан олди. Мамлакат бўйича аэропортлар учун 7 мингга яқин ишчи кераклиги айтилмоқда. Меҳнат вазирлиги бу бўшлиқни тўлдириш учун ишга ёллаш тизими қайта кўриб чиқилиши ва хориждан, жумладан, Туркиядан ишчи кучи жалб этилишини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа аэропортларида мисли кўрилмаган ҳолат...