Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Украина ҳукумати душанба куни кечқурун россиялик ҳарбийларнинг Херсон области Нова Каховка шаҳридаги қурол-яроғ омборига зарба берилганини маълум қилди. Шаҳар урушнинг илк кунидаёқ РФ армияси назоратига ўтган. Россия томонидан тайинланган «янги ҳукумат» портлашлар минерал ўғитлар сақланадиган омборда бўлганини айтган.
Нова Каховкага қилинган ҳужум ҳақида Одесса области маъмурияти раҳбари Сергей Братчук ва Херсон области раҳбари маслаҳатчиси Сергей Хлан маълум қилган. Нова Каховка - Херсон областидаги район маркази ҳисобланади.
Бу Украина жанубидаги россиялик кучлар учун стратегик жиҳатдан муҳим шаҳар бўлиб, у босқиннинг илк кунидаёқ эгаллаб олинганди. Унинг ёнида Кахова гидроэлектрстанцияси ва Днепр сувларини Қримга етказиб берувчи Шимолий Қрим каналининг гидротехник иншоотлари жойлашган. Россия қўшинлари шаҳардан фронт ортидаги база ва логистик марказ сифатида фойдаланади.
Ҳозирда ҳодиса ҳақида нималар маълум?
Украина ҳукумати мамлакат қуролли кучлари зарбалари россияликларнинг ўқ-дори сақланувчи омборига берилганини маълум қилган. Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги россияликларнинг ўқ-дори омбори йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берган.
Сергей Хлан фейсбукдаги саҳифасида шундай ёзади: «Нова Каховкада россияликларнинг яна бир ўқ-дори омбори ҳисобдан чиқди. Ташишди, ташишди, ғамлашди, ғамлашди, ғамлашди ва мана тунда мушакбозлик кўришди. Одамларнинг деразалари тўкилиб тушган, аммо барибир улар хурсанд бўлишмоқда, чунки бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари шу яқин атрофда».
Россия давлат нашрлари аввалига ўз манбаларига асосланган ҳолда Кахова ГЭС ҳудудига зарба берилганини хабар қилишди. Аммо бир неча соат ўтиб Херсон областининг Россия томонидан тайинланган ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусовга асосланган ҳолда ГЭС ҳақидаги маълумот рад этилди.
Кейинроқ «ҳарбий-фуқаролик маъмурияти» Нова Каховкада кучли портлаш рўй бергани - селитра сақланаётган омбор портлатилганини хабар қилди. ТАСС агентлиги хабарида айтилишича, Украина қуролли кучларининг Нова Каховкага зарбалари «минерал ўғитлар сақланган омборда портлашларга олиб келган».
BBC News Украина ҳисоблашича, бу сўнгги икки ҳафта ичида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги ўқ-дори омборлари ва ҳарбий базаларига украин ҳарбийлари томонидан йўлланган ўн бешинчи зарба бўлди.
Бу арсеналлар Россия қўшинларининг фронт чизиғидан анча ичкарида жойлашганди ва яқингача Украина қуролли кучлари учун етиб бўлмас нишонлар саналарди. Бунга қадар ҳам украин ҳарбийлари баъзида рақибнинг қурол омборлари ва бошқарув пунктларига зарбалар йўллаб турган, аммо бу тўғридан тўғри фронт чизиғида рўй берар ёки диверсия ҳаракатлари орқали амалга ошириларди.
Ҳужум оқибатлари ҳақида нималар маълум?
Каховка районининг Россия ҳукумати томонидан тайинланган «ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари» Владимир Леонтьев зарбалар оқибатида камида етти киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
«Ҳозирда биз тинч аҳоли вакиллари орасида етти қурбон бўлганини айтишимиз мумкин. Аммо вайронгарчилик кўлами шу қадар кенгки, биз бу ҳалокат оқибатларини аниқ баҳолай олмаймиз», деган Леонтьев «Интерфакс»га.
Нова Каховкадаги омборхонада рўй берган портлаш оқибатлари. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
У қурбонлар орасида болалар ҳам борлигини қўшимча қилган. «Биз харобалар орасидан икки ёш боланинг жасадини чиқариб олдик», дея қайд этган маъмурият раҳбари.
У «Россия-24» телеканали эфирида маълумот беришича, жабрланганлар сони 80 нафардан ошган.
Леонтьевнинг сўзларига кўра, юзлаб фуқаролик объектлари шикастланган.
«Мен барчасини санай олмайман - бу юзлаб объектлар. Черковдан тортиб заводларгача. Завод биноси, гидроэлектрстанция инфратузилмаларига хизмат кўрсатувчи бинолар, турар жойлар, улгуржи савдо базалари, дўконлар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари. Одатий шаҳарда бўладиган биноларнинг барчаси шикастланган» - деган у шаҳардаги ҳужумдан жабрланган объектлар ҳақида.
Леонтьевнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари Америка томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали зарба йўллаган.
Россия томони зарбалар селитра омборига келиб тушганини айтмоқда. Украина ўқ-дори сақланган омбор нишонга олинганини маълум қилган.
Украина қуролли кучларининг Нова Каховкадаги қурол-яроғ омборига ҳужуми оқибатлари акс этган сунъий йўлдош тасвирлари пайдо бўлди.
Аввалги зарбалар
Нова Каховкага якшанба куни йўлланган зарбалар оқибатида 150 нафардан ортиқ россиялик ҳарбийлар, жумладан генерал ва беш зобит ҳалок бўлган. Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Братчукнинг сўзларига кўра, зарбалар Херсон областининг эгаллаб олинган қисмидаги россияликлар базасига йўлланган.
«HIMARS ракеталари Херсон областидаги базага бориб тушишидан кейин РФ қуролли кучларининг 22-армия корпуси бошлиғи (73954-ҳарбий қисм, Симферопол), генерал-майор Насбулин ҳалок бўлди. Биз аввалроқ ўлими ҳақида хабар берган полковник Кенс ҳам ўша ерда бўлган. Улардан ташқари - 20-мотоўқчилар дивизияси командири (22220-ҳарбий қисм, Волгоград) полковник Андрей Горобец, 20-мотоўқчилар дивизияси штаби оператив бўлими бошлиғи отделения полполковник Ковал, 20-мотоўқчилар дивизияси артиллерия қисми бошлиғи полполковник Гордеев ҳам. 5 офицер билан қўшилганда жами қурбонлар сони 150 нафардан ортиқ», дея санаган Братчук.
Аввалроқ Украина разведка бош бошқармаси Херсон шаҳри яқинидаги Нова Каховкадаги ўқ-дори омборига берилган зарба оқибатида 12 нафар юқори мартабали россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлганини хабар қилганди. Бунинг далили сифатида ижтимоий тармоқларда икки россиялик ҳарбийнинг сўзлашуви ёзиб олинган аудиоёзув жойлаштирилганди. Аммо бу ёзув қачон қилинганига аниқлик киритилмаган; унда монтаж элементлари мавжуд эди. Россия ва Украина уруши «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин