16:30 / 14.07.2022
1 036

ЖССТ ковиднинг янги тўлқини ҳақида огоҳлантирмоқда

ЖССТ ковиднинг янги тўлқини ҳақида огоҳлантирмоқда
ЖССТ барча мамлакатларни ниқоб режимига қайтишга чақирди. BA.4 ва BA.5 штаммлари туфайли касалланиш ҳолатлари 30 фоизга ошган. Бу вариантларининг фарқи нимада ва улардан қўрқиш керакми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ковид билан касалланиш ҳолатлари сони кўпайишидан жиддий хавотирда, бу бутун дунё бўйлаб юклама билан ишлаётган тиббий хизматлар ишини мураккаблаштирмоқда.

«Вируснинг янги тўлқинлари яна бир бор COVID-19 ҳали тугамаганини яққол кўрсатмоқда», деди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисус матбуот анжуманида. Унинг сўзларига кўра, вирус бутун дунё бўйлаб эркин ҳаракатланмоқда, кўплаб давлатлар эса оғир аҳволдаги беморларни ва постковид асоратларини даволаш юкини кўтара олмаяпти.

ЖССТнинг ковид бўйича фавқулодда қўмитаси йиғилиш ўтказиб, пандемия ҳамон аҳоли саломатлиги учун халқаро миқёсдаги таҳдид бўлиб қолаётгани ҳақидаги хулосага келган. ЖССТ Фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райан сўнгги икки ҳафта ичида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари асосан Омикрон BA.4 ва BA.5 штаммлари туфайли 30 фоизга ошганини айтди.

Шу билан бирга, ЖССТ қўмитаси вирус эволюцияси траекторияси ва пайдо бўлаётган янги штаммларнинг хусусиятлари «ноаниқ ва олдиндан башорат қилиб бўлмас» даражада эканини тан олади.

BA.4 ва BA.5 нима?

Коронавируснинг BA.4 ва BA.5 турлари биринчи марта ўтган йили Жанубий Африкада аниқланган. Шундан сўнг, бутун дунё бўйлаб тез тарқалган. Экспертларнинг таъкидлашича, улар тез орада Европа ва Америкада доминант бўлиб олиши мумкин.

Ковид, барча вируслар сингари, ўз РНКсини клонлаш орқали кўпаяди, аммо бу механизмни идеал деб аташ қийин. Нусха олишдаги хатолар (мутациялар) янги вируснинг генетик жиҳатдан матрицадан бир оз фарқланишига олиб келади. Агар бундай ўзгаришлар унга фойда келтирадиган бўлса, янги вариант эскисига нисбатан устунликка эга бўлади ва кейинги муваффақиятли мутацияга қадар дунё бўйлаб тарқалади.

Коронавируснинг энг машҳур генетик версиялари орасида оммавий инфекция тўлқинларини келтириб чиқарган «Альфа» ва «Дельта» бор эди.

BA.4 ва BA.5 – Омикрон вариантининг яқин қариндошлари, ўтган қишда касалликлар тўлқинига сабаб бўлди, аммо саломатлик учун хавфи камроқ экани исботланди. Американинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ундан ўлим даражаси пастроқ, шифохонага ётиш эҳтимоли ҳам кам.

Март ойидаёқ ЖССТ ушбу вариантларни кузата бошлаганди, чунки улар бошқаларга қараганда тезроқ тарқалди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда улар Европанинг кўплаб давлатларида аниқланган ва коронавируснинг бошқа турларини ўз соясида қолдирган. Масалан, Португалияда бу BA.5 штамми билан содир бўлди. Шунга ўхшаш тенденциялар АҚШ ва ҳатто Австралияда ҳам кузатилмоқда.


Бу вариантлар қанчалик хавфли?

Омикроннинг BA.4 ва BA.5 вариантларида ўлим даражаси ковиднинг бошқа турларига нисбатан юқори эмас деб ҳисобланмоқда.

Нима бўлганда ҳам, аҳолининг кўпчилиги эмлаш ёки касалликни бошдан кечириш орқали аллақачон маълум миқдорда иммунитетга эга бўлган. Бу эса касалликни юқтириш ва унинг оғир кечиш эҳтимолини пасайтиради.

Бироқ, бу янги вариантларнинг вирулентлиги, яъни юқиш хавфи юқорироқ. Чунки коронавирусга қарши иммунитет вақт ўтган сайин заифлашади, шунингдек, мутацияда ҳам ўзгаришлар содир бўлади (вирус учун қулай ва биз учун хавфли).

Яна бир сабаб шундаки, кўплаб мамлакатлар пандемия билан боғлиқ чекловларни олиб ташлади, назоратни сусайтирди, одамлар ўртасидаги алоқалар кўпайди ва вирус янги имкониятга эга бўлди.

Бундан ташқари, BA.4 ва BA.5 ҳатто яқинда Омикроннинг бошқа вариантлари билан хасталанган одамларга ҳам юқиши мумкин.

«Бизда Омикрон билан касалланган одамлар BA.5 вариантини юқтириб олгани ҳақида кўплаб далиллар бор. Буни аниқ биламиз», дейди америкалик вирусолог Грегори Полланд.

Ушбу штаммлардан ишончли ҳимоя борми?

Коронавируснинг бошқа вариантлари каби, кексалар, иммунитети заиф ёки соғлиғида жиддий муаммолари бўлганлар янги штамм билан оғир касалланиши мумкин.

Мутахассислар фикрига кўра, бугунги кунда энг яхши (идеал бўлмаса-да) ҳимоя усули эмлаш ва кейинги бустер дозада эмлаш бўлиб қолмоқда. Улар коронавируснинг асосий «Альфа», «Бета», «Гамма» ва «Дельта» вариантлари юққан тақдирда, касаллик оғир кечиш хавфини сезиларли даражада камайтиради. Шифокорлар коронавируснинг мавжуд ва эҳтимолий янги вариантларидан ҳимояланиш учун вакцина олиш лозимлигини таъкидлайди.

Ҳозирда янги штаммларга қарши вакциналарнинг янги версиялари ишлаб чиқилмоқда ва синовдан ўтказилмоқда. Агар зарурат туғилса, вакцина ишлаб чиқариш кескин оширилиши мумкин. Назорат идоралари эса янги вакциналарнинг тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш учун янги қоидаларни тайёрламоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ ковиднинг янги тўлқини ҳақида огоҳлантирмоқда