17:55 / 14.07.2022
1 442

Винница ракета ҳужумига учради. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда (фото)

Винница ракета ҳужумига учради. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда (фото)
Фото: Украина ФВДХ
14 июл куни Винница шаҳри марказига берилган ракета зарбалари қурбонлари сони камида 20 кишини ташкил этмоқда, Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко қурбонларнинг уч нафари болалар эканини маълум қилган. Шунингдек, 90 киши яралангани маълум, 15 киши бедарак йўқолган.

Ракета зарбаси маҳаллий вақт билан соат 10:45 да амалга оширилди, учта ракета офислар биноси, Офицерлар уйи, турар жой бинолари ва «Юбилейний» маиший хизмат кўрсатиш уйи олдидаги автотураргоҳга келиб тушган.

Фото: Украина ФВДХ
«Зарбага учраган жойларда ёнғин юзага келган, олов автотураргоҳ бўйлаб тарқалган. Айни вақтда 50 га яқин автомобил ёнмоқда. Қутқарувчилар оловни ўчиришга уринмоқда», дейилади шаҳар кенгаши маълумотида.

Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Юрий Игнатнинг сўзларига кўра, Винницага учта «Калибр» русумли қанотли ракеталар билан зарба берилган. Унинг айтишича, ракеталар Қора денгиз акваториясидаги сувости кемасидан учирилган, иккита ракетани Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўхтатиб қолган.

Президент Зеленский Винницанинг ўққа тутилишини «очиқ террорчилик акти» деб атади.

«Россия ҳар куни тинч аҳолини яксон этмоқда, украин болаларини ўлдирмоқда, ракеталарини ҳеч қандай ҳарбий бўлмаган фуқаролик объектларига йўналтирмоқда. Бу очиқчасига террорчилик ҳужуми бўлмасдан яна нима? Ёввойилар. Қотил-мамлакат. Террорчи-мамлакат», - дея ёзди у ўз расмий телеграм-каналида.

Винницага ҳужум Ҳаагадаги конференция вақтида амалга оширилди, Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулебанинг маълум қилишича, бу конференция Украина ҳудудидаги ҳарбий жиноятлар учун РФнинг жавобгарлигига бағишланган.

«Украинанинг ҳар бир томчи қони ва ҳар бир томчи кўз ёши учун россиялик ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортамиз», дея ёзди у.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк шаҳарлардаги тинч аҳоли вакилларига зарба бериш - хатолик эмас, «Россиянинг тасдиқланган ҳарбий стратегияси» эканини айтди.

«Россия Украина қуролли кучларини жанг майдонида енга олмаяпти, шунинг учун варварликка қўл урмоқда: терактлар, инфратузилмалар йўқ қилиниши, тинч фуқаролар қирғин қилиниши», дея ёзди у твиттерида.

Винница Украинанинг марказий қисмида жойлашган.

Россия ҳукумати ва мамлакат қуролли кучлари мунтазам равишда фуқаролик объектларига ҳужум қилинаётгани бўйича айбловларни рад этиб келади ва ракета зарбалари фақат ҳарбий инфратузилмаларни нишонга олишини таъкидлайди.

Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати Винницадаги вайронгарчиликлар акс этган суратларни намойиш этди.





Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Винница ракета ҳужумига учради. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда (фото)