3 168
«Путин учун кутилмаган муаммо» – Қозоғистоннинг Россия билан мувозанатли дипломатияси ҳақида
Фото: kremlin.ru
Қозоғистон Украинадаги урушга қарши намойишларни ҳам, Россия босқинининг рамзларидан бири бўлган Z белгисини омма олдида намойиш қилишни ҳам тақиқлаб қўйган. Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати АҚШ, Туркия ва Хитой билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришга, мудофаа бюджетини оширишга урғу қаратмоқда.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон расмий Москва билан ўз муносабатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилган. The Wall Street Journal нашрида эълон қилинган мақолада Марказий Осиёда Москва ва Пекин ўртасидаги яширин меҳнат тақсимоти ўзгариб бораётгани, Қозоғистон ҳукумати АҚШ, Туркия ва Хитой билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат бошлаганига урғу берилган.
Шунингдек, Қозоғистон мудофаа харажатларини ошираётгани, нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар бўйича ишлар олиб бораётганига эътибор қаратилган. Жумладан, апрел ойида Қозоғистон ҳукумати мудофаа бюджетини 441 миллиард тенгега (тахминан 915 миллион доллар) оширган. Маблағларнинг бир қисми мамлакат ҳарбий захираларини оширишга йўналтирилади.
Жорий йил бошида Қозоғистонда юзага келган тартибсизликларни бартараф этиш учун Россия ҳукумати 2000 дан ортиқ ҳарбийларини юборди. Ушбу воқеадан олти ҳафта ўтиб, рус қўшинлари Украинага бостириб кирди. Қозоғистон эса «махсус ҳарбий операция»ни қўллаб-қувватлаш орқали Россия олдидаги «қарзи»ни қайтариши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади.
Қозоғистон ҳам Россиянинг жанубий чегарасидаги бошқа Марказий Осиё давлатлари каби бетараф қолди. Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларини қўллаб-қувватлашга ваъда берди, Россияни айланиб ўтувчи йўллар орқали Европага нефт экспортини кўпайтиришини айтди, мудофаа бюджетини оширди ва АҚШ делегацияларини қабул қилди.
Москва ва унинг Марказий Осиёдаги энг йирик иттифоқчиси ўртасида масофа пайдо бўлаётгани Владимир Путин учун кутилмаган муаммодир. СССР парчаланганидан кейинги даврда расмий Москва ҳарбий ва иқтисодий иттифоқлар тузиш орқали Марказий Осиё бўйлаб таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Бу борада асосий урғу ҳудуди Ғарбий Европадан каттароқ бўлган, нефтга бой давлат Қозоғистонга қаратилди. Икки давлат 4750 миля (7644 км) умумий чегарага эга, бу АҚШ-Канада чегарасидан кейин дунёдаги иккинчи энг узун чегара ҳисобланади.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Қозоғистон расмий Москва билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Қозоғистоннинг амалдаги ва собиқ амалдорлари, сиёсатчилари ва таҳлилчиларининг сўзларига кўра, мамлакат ўз ташқи сиёсатидаги Россиянинг имтиёзли мавқейини қайта кўриб чиқмоқда ҳамда АҚШ, Туркия ва Хитой каби давлатлар билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.
Июн ойида Санкт-Петербургда ўтказилган иқтисодий форум доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев унинг мамлакати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини айтди. Модераторнинг Ғарб сизнинг мамлакатингизга босим ўтказяптими, деган саволига эса аниқ жавоб бермади.
Путин ва Тўқаев Петербург халқаро иқтисодий форумида. 2022 йил 17 июн/TASS
Ташриф чоғида Тўқаев Россия давлат телевидениесига берган интервьюсида Қозоғистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермаслигини айтди, бироқ Россия асосий иттифоқчи бўлиб қолишини ҳам таъкидлади.
Бу жуда нозик мувозанат. Қозоғистон Украинадаги урушга қарши намойишларни тақиқлаган, бироқ Россия босқинининг рамзларидан бири бўлган Z белгисини омма олдида намойиш қилишни ҳам тақиқлаб қўйди.
Қозоғистон Россия билан ҳамфикр бўлиш нияти йўқлиги ҳақидаги дастлабки сигналларни март ойи бошларида БМТнинг босқинни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияда бетараф қолиши билан кўрсатганди. Бу воқеадан бир неча кун ўтгач эса Украинага 28 тонна дори-дармонлардан иборат гуманитар ёрдам юборилди. Кейинчалик ҳам Украинага бир неча самолётда инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилди.
Июл ойи бошида Қозоғистон молия вазирлиги Ғарбнинг Россияга экспорт қилинадиган айрим маҳсулотларга нисбатан чеклов ўрнатиш ҳақидаги лойиҳасини эълон қилди. Қозоғистоннинг ушбу позицияси Россиядаги баъзи инсонларни қаттиқ ғазаблантирди.
«Қозоқлар, бу қандай кўрнамаклик? Украинада содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатинг. Агар сиз жуда айёр бўлишга ҳаракат қилаётган бўлсангиз ва сизга ҳеч нарса бўлмайди деб тасаввур қилсангиз, адашасиз», дея таъкидлаган пропагандачи Тигран Кеосаян Россия давлат телеканалидаги кўрсатувларнинг бирида.
Қозоқлар бу каби таҳдидли гапларга ўрганиб қолишган. Мамлакат аҳолисининг тахминан 20 фоизини этник руслар ташкил этади ва рус миллатчилари Қозоғистон шимолини рус ерлари дея даъво қилиб келишади. 2014 йилда Россия Қримни Украинадан ажратиб олгандан сўнг, Путин совет иттифоқи парчаланмагунча Қозоғистонда давлатчилик тарихи бўлмаганини иддао қилиб чиққанди.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганини Қозоғистон ташвишли тарзда қабул қилди, чунки ушбу мамлакат Марказий Осиёда Россия билан чегарадош ягона давлатдир. Минтақадаги бошқа мамлакатлар: Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам босқинни қўллаб-қувватламади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Донбассдаги «республика»ларни тан олмаслигини маълум қилди.
Уруш АҚШнинг Марказий Осиё минтақасига нисбатан қизиқишлари қайта тикланишига сабаб бўлди. Апрел ойида президент Жо Байденнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош дипломати Узра Зея минтақа мамлакатларига сафар уюштирди. Май ойи охирида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга, июн ойида эса АҚШ Марказий қўмондонлигининг янги раҳбари, армия генерали Майкл Эрик Курилла ҳам юқорида номи тилга олинган мамлакатларга ташрифни амалга оширди.
АҚШ Давлат департаментининг икки расмийси сўзларига кўра, АҚШ Марказий Осиё ҳукуматларидан Украинани қўллаб-қувватлашда Ғарб билан бирга бўлишни сўраган, бироқ ортиқча босим ўтказмаган.
Марказий Осиё давлатларида Россия билан маданий, иқтисодий ва тарихий алоқалар чуқур йўлга қўйилган. Москванинг Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базалари, Қозоғистонда баллистик ракетага қарши синов майдончаси мавжуд.
Май ойи бошида Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада 10 мингга яқин одам фашистлар Германиясининг мағлубиятини хотирлаш учун кўчага чиқишди. Улар совет байроқларини силкитиб, совет диктатори Иосиф Сталин портретини кўтариб, русларнинг уруш балладаларини куйлашди.
Россия минтақа мамлакатларининг энг йирик савдо шериги ҳисобланади, миллионлаб марказий осиёлик ишчиларни иш билан таъминлайди. Пул ўтказмаларининг улуши Қирғизистон ЯИМининг қарийб учдан бир қисмини, Тожикистон ЯИМининг чоракдан кўпроғини ва Ўзбекистон ЯИМининг 10 фоизга яқинини ташкил этади.
Ғарб санкциялар киритгач, Қозоғистоннинг Европа билан Россия орқали ўтадиган анъанавий савдо йўли фаолияти деярли тўхтаб қолди, суғурта компаниялари ва импортчилар ушбу мамлакат орқали савдо қилишда эҳтиёткорлик кўрсата бошлади. Ушбу омиллар Қозоғистон расмийларини савдони диверсификация қилишга ундади (Жаҳон банки Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти жорий йилда ўртача 4,1 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда).
Уруш бошланганидан бир неча ҳафта ўтгач, Қозоғистон делегацияси Каспий денгизи бўйида жойлашган ва Туркия билан чегарадош собиқ совет давлатлари – Озарбойжон ва Грузияга сафар қилиб, Хитойдан Европага ўтувчи савдо йўли – «Ўрта коридор»ни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб боришди.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги собиқ маслаҳатчиси Селчук Чўлакўғлининг таъкидлашича, илгари ушбу савдо йўли Марказий Осиё давлатлари томонидан ҳам, Хитой ва Туркия томонидан ҳам жиддий ўрганилмаган, чунки улар Россияни ғазаблантирмоқчи бўлишмаган.
Қозоғистон саноат вазирлиги транспорт сиёсати ва инфратузилмаси департаменти директори ўринбосари Зейнолла Ахметжановнинг маълум қилишича, январ-апрел ойларида Қозоғистоннинг Каспий денгизидаги Ақтау ва Курик портлари орқали юк ташиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баравар кўпайган.
Савдони диверсификация қилиш Қозоғистон учун экзистенциал саволдир. Россия сўнгги бир неча ой ичида Қозоғистон нефтининг қарийб 80 фоизини Қора денгиздаги порт шаҳар Новороссийскка олиб борадиган Каспий қувурини икки марта тўхтатиб қўйди. Март ойи охирида учта терминалдан иккитасини бўрон туфайли зарар кўрганини сабаб сифатида кўрсатиб, беркитди. Ушбу терминаллар фақатгина Қозоғистон делегациясининг апрел ойида музокаралар учун Москвага борганидан бир неча кун ўтибгина қайта очилди.
Июл ойи бошида Россия суди атроф-муҳитга зарар етказганлик даъвоси билан газ қувури ишини 30 кунга тўхтатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу қарор бир неча кундан кейин бекор қилинган бўлса-да, Қозоғистон томонини жиддий ўйлашга мажбур қилди. Президент Тўқаев нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар, хусусан, денгизни кесиб ўтадиган йўналиш қуришга кўрсатма берди.
Кўп йиллар давомида Марказий Осиёда Москва ва Пекин ўртасида яширин меҳнат тақсимоти мавжуд эди. Москва хавфсизликни назорат қилган, Пекин эса иқтисодий ривожланиш билан шуғулланган. Ушбу жиҳат эндиликда ўзгармоқда.
Апрел ойининг охирида Хитой миллий мудофаа вазири Вей Фенҳе Қозоғистонга ташриф буюриб, президент Тўқаев билан учрашди. Хитой Миллий Мудофаа вазирлигига кўра, томонлар ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада матбуот анжмуманида, 2022 йил 10 май
Фото: Mustafa Kaya / Xinhua / SIPA / Scanpix / LETA
Шунингдек, расмий Нур-Султон НАТОга аъзо ҳисобланувчи Туркия билан ҳам яқинроқ алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Май ойи бошида Тўқаевнинг Анқарага ташрифи давомида икки давлат вакиллари Қозоғистонда ҳарбий дронларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаган.
Апрел ойида Қозоғистон ҳукумати мудофаа бюджетини 441 миллиард тенгега (тахминан 915 миллион доллар) оширган. Исми сир тутилган юқори мартабали амалдорнинг сўзларига кўра, маблағларнинг бир қисми мамлакат ҳарбий захираларини оширишга йўналтирилади. Қозоғистон Украинанинг қаттиқ қаршилигидан сабоқ олган, мамлакат армияни жанговар ҳаракатлардан ташқари киберҳужумлар, дезинформация ва сайловларга аралашиш каби кўринишларда борувчи гибрид урушга тайёр бўлиши учун ислоҳ қилиши зарур.
Ғарбда баъзилар Россия армияси «қоғоз йўлбарс» каби фош бўлди, деб ҳисоблаётган бўлса-да, Марказий Осиё давлатларидан бирининг юқори мартабали амалдорлари Россия амбицияларидан қўрқиш кучайиб бораётганини айтиб ўтган.
«Россия Шарқий Европа ва Украинада ўз вақтини ўтказяпти. Тасаввур қилинг, агар улар Украина билан банд бўлмай қолишса, биз кейингиси бўламизми?» – деган у. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи