1 102
Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал этиш бўйича янгича ёндашув ишлаб чиқилишида етакчиликни зиммасига олди
Фото: Коллаж
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26 июл куни Тошкентда ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” халқаро конференцияси жаҳон бўйлаб қатор ахборот агентликлари томонидан ёритилди.
“Дунё” ахборот агентлигининг хабар қилишича, тадбирни ёритиш учун “Kyodo News” АА (Япония), “Arezu Radio TV” телеканали (Афғонистон), “Reuters” халқаро ахборот агентлиги ва “ВВС” телерадиокомпанияси (Буюк Британия), “Fars News” АА (Эрон), “Казинформ”, “Хабар” ва “Атамекен” агентликлари (Қозоғистон), “Синхуа” АА (Хитой), “Кабар” АА (Қирғизистон), “Россия 24” телеканали ва “Московский комсомолец” газетаси, “Россия сегодня”, “Фергана”, ТАСС, “Интерфакс” АА (Россия), “Anadolu” АА ва “ТRТ” телерадиокомпанияси (Туркия), “Франс-пресс” АА (Франция), “Ал-Жазира” телеканали (Қатар) ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари бевосита Тошкентда бўлди.
Қатор нашрлар эълон қилган хабарларда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган анжуманнинг асосий мақсади жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга нисбатан умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш, жумладан, янги ҳокимият органлари билан мулоқотни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, афғон халқига низодан кейинги мамлакат ҳаётини йўлга қўйиш ва мустақил, барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат қуришда ёрдам беришдан иборат экани ҳақида сўз юритилди.
Бир неча нашрлар тадбирни ёритаркан, анжуман 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан ортиқ иштирокчилар, шунингдек, БМТ, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти вакилларини ўз атрофига жамлаганини қайд этди.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “UNA – OIC” ахборот агентликлари иттифоқи сайтида “Ўзбекистон президенти Афғонистон иқтисодиётини тиклаш устуворлигини таъкидлади” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Шавкат Мирзиёев Афғонистон иқтисодиётини тиклашни умумий устувор вазифа деб тан олишга чақиргани, бу эса ушбу жафокаш мамлакатда барқарор тинчликка эришишнинг муҳим шарти экани ёзилган.
Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали Тошкент конференциясидан видеорепортажлар намойиш этиб, анжуман чоғида халқаро ҳамжамиятнинг асосий шартлари – кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, афғон қизлари учун тўлақонли мактаб таълими олиш учун имконият бериш бўйича келишувлар бажарилишига эришиш имконияти кўриб чиқилганини хабар қилди.
Афғонистоннинг “TOLOnews” ахборот агентлиги Тошкент анжумани якунлари бўйича материал тарқатиб, Афғонистон ҳукумати делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий матбуотга интервью бергани ва унда Афғонистон муаммосини мулоқот орқали ҳал қилиш бўйича махсус майдон яратгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирганини маълум қилди.
Туркиянинг “ТРТ” телерадиокомпанияси Тошкентда бўлиб ўтган анжуманнинг бориши ҳақида репортажни эфирга узатар экан, Ўзбекистон президентининг халқаро тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаати мазмунига эътибор қаратди.
Репортажда Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишининг олдини олишга чақиргани, акс ҳолда бу мамлакатда гуманитар вазият янада ёмонлашиши муқаррар экани ҳақидаги фикрлари келтирилган. Гап миллионлаб одамларнинг тақдири, шунингдек, тинч йўл билан ҳал қилиш учун муайян қадамлар қўяётган, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатишга интилаётган мамлакатнинг муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ҳақида кетмоқда.
“Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан янгича ёндашувни ишлаб чиқишда етакчилик қилмоқда, – дейилади Американинг “The National Interest” журналида чоп этилган мақолада. – Тошкент нафақат хавф-хатарни камайтиришга интилмоқда, балки иқтисодий алоқалар ва минтақавий ривожланишни рағбатлантириш бўйича улкан дастурни амалга оширмоқда”.
Америкалик журналист Жейкоб Хейлбруннинг қайд этишича, Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-сотиқни осонлаштирувчи транзит давлат сифатидаги концепциясини илгари суриш Афғонистон ҳукуматини мафкурадан кўра иқтисодиёт ва савдога эътибор қаратишга ундаши мумкин.
“Афғонистоннинг барча қўшнилари ичида Ўзбекистон бу борада етакчилик қилиш учун энг қулай маскан”, – дейди эксперт.
Россиянинг “Интерфакс” агентлиги ўз хабарларидан бирида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов конференциядаги нутқида Афғонистоннинг хориждаги активларига қўйилган тақиқни ечиш масалага эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганини қайд этган.
Бу агентлик, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Назирий ўз ташкилоти Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ҳисса қўшадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирганига ҳам эътибор қаратган.
ТАССнинг хабар беришича, тадбирда сўзга чиққан Афғонистон ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий унинг мамлакати барча қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни исташини, халқаро ҳамжамиятга берилган ваъдани бажариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлаган.
Бу агентлик томонидан эълон қилинган яна бир материалда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатидан иқтибос келтирилган: “БМТ Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади”.
Шунингдек, материалда Ўзбекистон Афғонистоннинг янги ҳукуматини террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узишга чақиргани қайд этилган.
“Коалицион ҳукумат ва аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш Афғонистонда барқарорлик кафолатидир. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов айтиб ўтди”, деб ёзади бошқа бир рус нашри “Фергана”.
Агентлик Афғонистон иштирокида амалга оширилаётган “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темирйўл қурилиши бўйича кенг кўламли лойиҳанинг хавфсизлик кафолатлари ҳақида ҳам маълум қилган. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевнинг Россия ОАВга маълум қилишича, Афғонистон томони йўл қурилиши хавфсизлигини таъминлайди, бунда Ўзбекистон ва Покистондан хавфсизлик бўйича мутахассислар жалб этилади. Айни пайтда мазкур лойиҳага халқаро инвестицияларни жалб этиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Мисрнинг “news.in-eg.com” электрон нашрида Владимир Норовнинг Амир Хон Муттақий билан бўлиб ўтган учрашувига бағишланган мақола эълон қилинди.
Унда қайд этилганидек, учрашув чоғида Афғонистон делегацияси президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ўз вақтида бўлгани, бу халқаро ҳамжамиятга Афғонистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот олиш имконини бериши таъкидланган.
“Бундан ташқари, афғон делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонига Афғонистонга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами, жумладан, Термиз шаҳридаги кўп тармоқли транспорт-логистика хаби фаолияти, шунингдек, энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун самимий миннатдорлик билдирди, – дейилади материалда. – Владимир Норов афғон томонини халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини имкон қадар тезроқ бажариш, жумладан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қизларнинг тўлиқ мактаб таълимидан фойдаланишини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга даъват этди”. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи