Еленовка аҳоли пунктида украиналик ҳарбий асирлар, жумладан Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳимоясида қатнашганлар сақланган колония ўққа тутилиши оқибатида 53 киши ҳалок бўлди. Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» вакилларига кўра, яна 75 киши яраланган. Украина колонияга россиялик ҳарбийлар зарба берганини айтмоқда.
Россия томони версияси
Россия мудофаа вазирлиги эрталабки ҳисоботида Еленовкадаги украин ҳарбий асирлари, шу жумладан «Азов» полки жангчилари сақланган тергов изоляторига гўёки Америка томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба йўлланганини маълум қилди.
«Украин ҳарбий асирларидан 40 киши ҳалок бўлган ва 75 киши яраланган. Бундан ташқари, изолятор ходимларидан саккиз нафари турли даражада тан жароҳат олишган», дейилади баёнотда. Ундан олдинроқ бу зарба ҳақида «ДХР» вакиллари хабар қилишганди.
Шундан сўнг «Россия 24» давлат телеканали колониянинг вайрон бўлган корпуси тасвирларини намойиш этди. Кадрларда том қулаб тушгани ва икки қаватли темир каравотларлар мажақланиб кетгани акс этган.
ВГТРК ходими Андрей Руденко ўз телеграм-каналида ёниб ва парчаланиб кетган жасад қолдиқлари акс этган видеони жойлаштирди.
Украина томони версияси
Украина томони бир неча соат давомида бу борада изоҳ бермай турди. Кейин Украина қуролли кучлари Бош штаби баёноти пайдо бўлди.
Штабдагилар, ўз навбатида, россиялик ҳарбийлар украин ҳарбийлари сақланаётган колонияни нишонга олган ҳолда артиллерия зарбалари бергани, бундан мақсад Украинани ҳарбий жиноят содир этишда айблаш, шунингдек колония ҳудудида содир этилган ҳарбий асирларга қийноқ қўллаш ва уларни ўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар изини йўқотиш эканини маълум қилди.
Пресс-релизда Украина қуролли кучлари фуқаролик инфратузилмаларига, айниқса ҳарбий асирлар сақланаётган жойларга зарба бермаслиги қайд этилган. Бош штаб Еленовка ҳудудига украин ҳарбийлари томонидан артиллерия зарбалари йўлланмаганини таъкидлаган.
Украина ҳарбийлари қурбонлар сони бўйича изоҳ бермаган.
Расмий баёнотдан бироз олдинроқ «Украинская правда» нашри разведкадаги манбасига асосланган ҳолда Еленовка йўналишида артиллерия зарбалари қайд этилгани, аммо бу украинлар эмас, россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилгани ҳақида ёзганди.
Нашрнинг яна бир суҳбатдоши бир неча кун муқаддам саноат зонасига - айнан 29 июл куни зарба берилган баракка ўтказилгани ҳақида айтган.
«Бу «Азов» жангчилари жойлаштирилган барак бўлган. Уларни бугунги зарба берилишидан бир неча кун олдин шу ерга олиб ўтишган, биз нега бундай қилинганини тушунмай тургандик», деган манба.
«Азов» мудофаачилари
Украина қуролли кучлари Бош штаби 17 май куни «Азовстал»даги ҳарбийларни «қутқариш амалиёти» ўтказилгани ҳақида маълум қилганди.
Баёнотга кўра, ўшанда оғир ярадор бўлган 53 киши Новоазовскдаги шифохонага олиб кетилган, яна 211 нафар ҳарбий хизматчи - россияпараст кучлар назоратида бўлган Еленовкага жойлаштирилган. Бош штаб украин ҳарбийлари бу ердан «алмашув жараёни» доирасида уйга қайтарилишини айтганди. Россияпараст кучлар эса «Азов»нинг асирликдаги ҳарбийлари трибуналга тортилишини маълум қилганди.
«Азов» полки командири Денис Прокопенконинг рафиқаси у билан қисқа телефон мулоқотидан кейин «Азовстал»дан олиб чиқилган украин ҳарбий асирлари қониқарли шароитларда сақланаётганини айтганди. ОАВ хабарига кўра, мазкур телефон мулоқоти Қизил Хоч жамияти воситачилигида Украина ва Россия ҳукуматлари розилиги билан амалга оширилган.
Прокопенко ярадор жангчиларнинг аксари Еленовкадаги изоляторда қолаётганини айтганди. Еленовка - 2014 йилдан буён россияпараст кучлар назоратида қолаётган Донецк шаҳри марказидан 20 км масофада жойлашган.
Еленовкадаги колония
Уруш бошлангач Еленовка посёлкасида украиналик асирлар, жумладан кўнгиллилар учун лагер ташкил этилган. Озод қилинган кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, улар жойлашган колония бир неча икки қаватли бинолардан иборат ташландиқ ҳудуд бўлган.
«Еленовкадаги ахлоқ тузатиш колониясидан бизга қадар фойдаланилмаган. Уни «фильтрация лагери» ташкил қилиш учун махсус очишган», деган «Настоящее Время» нашрига берган интервьюсида мариуполлик тадбиркор Евгений Малярчук.
«Аввалига маҳбуслар кам эди. Кейин Ильич номидаги комбинатдан, ундан кейин эса «Азовстал»дан кўплаб асирлар олиб келинди. Бир вақтнинг ўзида колония ҳудудида уч мингга яқин одам сақланарди. Озиқ-овқат етишмасди. Сув умуман бўлмаган. Колония ҳудудидаги барча ишларни асирлар қилишарди. Оқват тайёрлаш, ҳудудни йиғиштириб тозалаш, сув ташиш каби ишлар бажарилган. Асосан ичиш мумкин бўлмаган техник сув берилган», дея қўшимча қилади Малярчук.
«Азов» ўч олмоқчи
«Азов» полки асосчиси ва собиқ командири Ондрий Белецкий Еленовкадаги украин ҳарбий асирлари ўлдирилишига алоқадор бўлганларнинг барчасига «ов эълон қилди».
Белецкий зарба йўлланишидан олдин асирликдаги жангчилар алоҳида бинога ўтказилганини таъкидлаган ва бу зарбани «офицер шаъни тушунчасидан бехабар бўлган, Женева конвенцияси, уруш олиб бориш қонун-қоидаларини билмайдиган давлатнинг олдиндан режалаштирилган ҳаракати» деб атади.
«Россия ҳалол жангда „Азов“ни енга олмади, шунинг учун бизни аҳдидан қайтиш билан йўқ қилишга уринмоқда. Мен Азов бўлинмаси номидан ушбу оммавий қотилликка алоқадор бўлганларнинг ҳар бири учун ов эълон қиламан. Ҳар бир оддий ижрочидан тортиб ҳар бир ташкилотчи лавозими ва қаерда бўлишидан қатъи назар жавобгарликка тортилади», дея ёзган Белецкий телеграм-каналида. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?