Фото: Getty Images
Дунё сиёсатида катта ҳисоб-китоб йилига айланиб кетган 2022 йилнинг деярли ҳар куни бирор нуқтадаги нотинчлик билан ёдда қолмоқда. 6 августга ўтар кечаси Яқин Шарқнинг энг қайноқ нуқтаси бўлмиш Исроил – Фаластин чегарасида яна нотинчлик юзага келди.
Аввалига Исроил армияси Ғазо секторидаги ракета разбалари бериш орқали «Исломий жиҳод» гуруҳи қўмондонларидан бири бўлган Тайсир ал-Жабрий йўқ қилинганини хабар қилди. Уни Фаластинда Абу Маҳмуд деб билишган. Ракета зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган, улар орасида ал-Жабрийнинг 5 ёшли қизи ҳам бўлган.
Кўп ўтмай «Исломий жиҳод» гуруҳи ўз етакчиларидан бўлган Тайсир ал-Жабрий ҳалок бўлганини тасдиқлади ва Исроилга қарши урушиш учун одамларини тўплагани тасвирланган видеолар эълон қилди. Кадрларда гуруҳ аъзолари Исроилга қарши жиҳод қилишларини айтишган.
Фаластиндан жавоб зарбаси сифатида Исроил томонга жуда кўп ракеталар учирилди. «Исломий жиҳод» гуруҳи биринчи жавоб тўлқинида 100 дан ортиқ ракета учирганини хабар қилди. Исроил томони 160 дан ортиқ ракета отилгани, уларнинг 130 таси Исроил томонга учиб ўтгани, 60 таси «Темир губмаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида уриб туширилганини маълум қилди.
Ўз қўмондони ўлдирилишига жавобан фаластинликлар гуруҳи Исроилга 400 дан ортиқ ракета учирган, аммо уларнинг катта қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали тўхтатилган.
Фото: ANADOLU AGENCY
Исроил бунга жавобан тезда авиацияни ишга солди. Исроил қирувчи самолётлари Ғазо секторидаги «Исломий жиҳод» гуруҳига тегишли экани иддао қилинган объектларга зарбалар берди. Гуруҳ аъзолари экани айтилган одамларнинг уйларига ҳам зарба йўллангани камераларга тушиб қолган. Шунингдек, Ғарбий соҳилда Исроил махсус кучлари жиҳодчилар гуруҳи аъзоси деб 20 кишини қўлга олган.
Исроил биринчи тунда ракета зарбаларига яхши туриб бергани айтилди, лекин аслида «Темир губмаз» етарлича самарали ишламаган, чунки Исроил ҳудудига учиб ўтган 130 та ракетанинг фақат ярми тўсиб қолинган, демак қолган ярми ўтган. Хусусан, Ашкелон шаҳрининг ўзига 20 та ракета тушгани айтилмоқда, ҳатто одамлар зич яшайдиган кварталларга ҳам ракета келган. Ашкелондан тарқалган видеоларга қараганда ракеталар кенг ҳудудга зарар етказмаган, фақат узоқдан учиб келгани ҳисобига зарб кучли бўлган. Яъни ракеталар жуда кучли портлашлар келтириб чиқармаган.
Дарвоқе, Исроил разведкаси Ғазодан отилган ракеталарнинг видеосини эълон қилиб, бир деталга эътибор қаратган. Унда баравар ўт очиш реактив тизимларидан чиққан битта ракета етарли баландликка етиб бормай ерга қулагани кўринган. Исроил армияси берган маълумотга кўра, ракета Ғазодаги Жабали шаҳрига қулаган ва оқибатда болалар ҳалок бўлган.
Ракета зарбалари оқибатида Исроилда ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилди, лекин кўплаб уйлар вайрон бўлган. Ашкелон мэри шаҳардаги тиббиёт бирлашмалари тўхтовсиз беморларни қабул қилишини маълум қилди, ракета зарбаси вақтида яшириниш мумкин бўлган бино эгаларидан эшикларни қулфлаб қўймасликни сўради. Мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида, хусусан, пойтахт Тел-Авивда тревога сиреналари чалинди, барча бомбапаналар очиб қўйилди.
Ғазодан келган хабарларга кўра, қурбонлар орасида гуруҳ аъзолари ҳам, тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. Фото: Reuters
Исроил нега зарба берди?
Бу галги нотинчлик Исроил армиясининг Ғазога зарбаларидан кейин бошланди. Исроил армияси ракета зарбалари «Исломий жиҳод» гуруҳининг таҳдидларидан кейин йўлланган. Исроил армияси қўмондонлиги Твиттердаги саҳифасида зарбалар айнан «Исломий жиҳод» гуруҳига қаратилганини маълум қилди.
BBC мухбири хабар беришича, Исроил армияси зарбалар беришидан аввал Ғазо секторига яқин жойда назорат постлари сони кўпайтирилган. Исроил эълон қилган ҳарбий амалиётдан аввал мамлакат мудофаа вазири Бенни Ганс шундай чиқиш қилганди: «Душманларимизга, айниқса, ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» гуруҳига уларнинг даври ўтгани, таҳдидлар ҳар қанақасига бартараф этилишини айтмоқчиман».
Исроилда сиёсатчилар бирин-кетин чиқишлар қила бошлашди, мамлакат бош вазири Яир Лапид Исроил узоқ муддат давом этадиган урушни истамаслиги, аммо бунга тайёрлигини билдирди. Сафарбарлик эълон қилиниб 25 минг нафар захирадаги ҳарбийлар армия сафига қайтарилди.
«Исломий жиҳод» гуруҳининг янги етакчиси бўлмиш Зиёд ал-Наҳал Эрон пойтахти Теҳронда матбуот анжумани ўтказиб, гуруҳ Исроилга жавоб бериши, бу жангда фаластинликлар ғолиб бўлишини айтди.
Исроил бош вазири Яир Лапид эса гуруҳ етакчиси Ғазога зарба берилганда Эронда бўлганига эътибор қаратган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари Ҳусайн Саломий бу борада «Исломий жиҳод» гуруҳини қўллашини маълум қилди. «Биз бу йўлда охиригача сиз биланмиз», деди генерал.
«Исломий жиҳод» - Яқин Шарқдаги энг таъсирли гуруҳлардан бири. Фото: EPA
Штаб-квартираси Дамашқда бўлган «Исломий жиҳод» гуруҳи Яқин Шарқдаги номи чиққан жангари гуруҳлардан бири ҳисобланади. 1 август гуруҳ етакчиси Бассем Саади қўлга олингач, Исроил Ғазога яқин бўлган жойларга хавфсизлик чораларини кучайтирганди. Исроил армияси ҳатто одамларни ҳужум хавфидан огоҳлантирган.
«Исломий жиҳод» гуруҳи охирги бор 2019 йил фаоллашиб қолган ва ўшанда Исроил билан жиддий тўқнашувлар кузатилганди. Ўшанда Исроил армияси гуруҳ етакчиларидан бўлган Баха абу ал-Ата ўлдирганди. Бунга жавобан гуруҳ 1300 та ракета отган. «Темир губмаз» уларнинг 400 тасинигина қайтариб қола олади. Ракета зарбалари оқибатида Исроилда 6 киши ҳалок бўлиб, 70 киши яраланади.
Иккинчи кун ҳам тинч ўтмади
Исроилнинг «махсус амалиёти», «Исломий жиҳод» гуруҳининг қасоси иккинчи куни ҳам давом этди. 7 августга ўтар кечаси ҳам отишмалар кузатилди. Исроил Ғазо секторига берган зарбалари оқибатида «Исломий жиҳод» гуруҳининг яна бир юқори мансабли вакили Холид Мансур вафот этгани маълум бўлди. Исроил мудофаа вазири Бенни Ганс мамлакат армиясининг «Тонгда» операцияси давом этиши, ундан мақсад Исроил жанубига хавф туғдираётган хатарларни бартараф этиш эканини айтди.
Ганс Исроил армияси «Исломий жиҳод» гуруҳининг ракета тайёрловчи ва зарба берувчи объектларига зарба берганини айтди. Исроил томони маълумотига кўра, Ғазодаги 26 та нишонни йўқ қилиш учун ҳарбий авиация 16 тонна ракета ва авиабомба сарфлаган. Бунга жавобан Ғазодан Исроил томонга 200 тадан ортиқ ракета отилган.
Ким ким томонда?
Воқеалар кескинлашуви фонида мамлакатлар можарода кимни қўллаши борасида муносабат билдира бошлади. Бу борада асосий араб давлати Саудиянинг муносабати айниқса қизиқ эди. Охирги вақтларда Исроил билан муносабатлар ўрнатаётган бўлса-да, Саудия Ғазога ракета зарбалари берилишини қоралади. Эрон ҳамма ерда бўлгани каби бу можарода ҳам Исроилга қарши бўлди. Одатда Исроил ва Фаластин ўртасидаги можароларда воситачи бўладиган Миср бу гал ҳам томонларни хотиржам бўлишга чақирди.
БМТ доимгидек бўлиб ўтаётган воқеалардан «қаттиқ хавотирда» эканини маълум қилишдан нарига ўтмади. Европа кенгаши ҳам воқеалардан хавотирдалигини билдириб, Исроил ўз фуқароларини ҳимоя қилишга ҳақли эканини қўшимча қилди. Британия ташқи ишлар вазири ва бош вазирликка асосий номзод Лиз Трасс мамлакат ушбу ҳолатда Исроилни қўллашини айтди. Франция томонларни хотиржамликка чақириб, тўқнашувлар катталашиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилди. Фаранглар Исроил ҳудудига берилган зарбаларни қоралаган, Исроилнинг ўзи берган зарбаларга эса муносабат билдирмаган. АҚШ ҳам Исроил ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ҳақли эканини маълум қилди. Араб давлатлари лигаси Исроилинг «Ғазодаги тажовузи»ни кескин қоралади.
ҲАМАСнинг позицияси қандай?
Амалда ҳали тўлиқ тузилмага ҳам эга бўлмаган Фаластин давлатини ҳарбий жиҳатдан назорат қилувчи ҲАМАС минтақадаги асосий қуролли куч ҳисобланади. Гуруҳ ҳали ўз ракеталарини омбордан чиқаргани йўқ. ҲАМАС ғоявий жиҳатдан «Исломий жиҳод» билан битта йўналишда, икки томон ҳам Исроилга душман кайфиятда, улар одатда ҳаракатларини келишиб амалга оширади.
Ҳозирча Исроил томони ҲАМАС объектларига зарба бергани йўқ, гуруҳ Исроилга қарши кучлар битта мақсадда бирлашишини айтган бўлса-да, ҳали жангларга қўшилмади. Лекин фаластинликлар орасида қурбонлар сони кўпайиб кетса, ҲАМАС ҳам вазиятга аралашиши мумкин. Бу гуруҳ «Исломий жиҳод»дан фарқли ўлароқ тезда кескин позицияни эгаллаб ҳужумга зўр беради.
Буни Фаластин ва Исроил тўқнашуви дейиш мумкинми?
Икки кундан буён тўхтамаётган отишмалар Исроил ва Фаластин ўртасида эмас, Исроил ва Ғазо ўртасида кечмоқда дейиш тўғри бўлади. Чунки можарода Исроил томондан барча катта сиёсий кучлар аралашмоқда, Фаластин томондан эса «Исломий жиҳод» ва ҲАМАС вакиллари матбуот учун маълумотлар бермоқда. Яъни Фаластин сиёсий кучлари чеккада тургандек. Масалан, Эронга қўллаб-қувватлов учун Маҳмуд Аббос эмас, жиҳодчилар етакчиси миннатдорчилик билдирмоқда.
Маълум бўлишича, айни дамда томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказмоқда. Катта эҳтимол билан Фаластин томондан музокараларда Миср разведкаси вакиллари ҳам қатнашяпти. Экспертлар ҲАМАС аралашмаса, эскалация тез барҳам топишини тахмин қилмоқда.
Фаластин, Исроил, Ғазо сектори, Нотинчлик “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...