Теракт қурбони бўлган кобулликни яқинлари тобутда дафн қилиш учун олиб кетишмоқда
Фото: Иброҳим Норузи / AP
17 август куни Афғонистон пойтахти Кобулдаги масжидлардан бирида мудҳиш теракт содир этилди. Террорчи-худкуш Сиддиқия масжидида ўзини портлатиши оқибатида ҳозирча 21 киши ҳалок бўлгани, 33 киши яралангани маълум.
Афғонистонда бошқарувчи куч бўлган «Толибон» расмийларининг хабар беришича, теракт содир бўлган масжидда одамлар хуфтон намозини ўқиш учун тўпланган, масжид ичи тўла бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, портлаш жуда кучли бўлган ва атрофдаги уйларнинг деразалари синиб кетган.
Воқеа гувоҳларидан бири Reuters билан суҳбатда жасадлар ҳатто масжид деразаларидан отилиб чиққани, жуда кўп жасадларни кўрганини айтган. Қурбонлар орасида масжид имоми Амир Муҳаммад Кобули ҳам бўлган ва теракт айнан уни йўқотишга қаратилган деган тахмин ҳам илгари сурилмоқда. Гувоҳларнинг The Washington Post мухбири билан суҳбатда айтишича, имом катта ҳурматга сазовор одам бўлган, у ҳеч қайси гуруҳларни қўлламаган ёки қарши чиқмаган.
«У доим рост гапирарди», дейди яна бир гувоҳ WP билан суҳбатда. Гувоҳ исми сир қолиш шарти билан имом толиблар ҳукумат тепасига келишидан аввал ИШИДга ўхшаган гуруҳларнинг нишони бўлганини айтди.
Фото: Reuters
Буни ким қилди?
Терактни ким амалга оширгани аниқ эмас, лекин «Толибон» Афғонистонда бошқарувни қўлга олганидан кейин ташкилотнинг ИШИД билан қарама-қаршилиги кучайиб кетди. Шу сабаб масжиддаги портлашни ҳам ИШИД террорчилари амалга оширган бўлиши тахмин қилиняпти.
Гуруҳ вакиллари ўтган ой давомида Кобулда уч нафар диний уламога ҳужум қилган, бошқа вилоятда эса бир неча уламолар ўлдирилган. Буларнинг барчаси ИШИД томонидан қилингани, Сиддиқия масжиди имоми ҳам айнан шу тизимли қотилликлар доирасида ўлдирилгани тахмин қилинмоқда. Ўтган ҳафтада «Толибон»га яқин экани айтилган шайх Раҳимулло Ҳаққоний ўлдирилганди. Шу боис толиблар ИШИДга қарши курашиш учун Афғонистон шарқига қўшимча куч юборадиган бўлди.
Ижтимоий тармоқда масжидда одамлар қонга буланиб ётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Ўлганлар орасида болалар ҳам бўлган.
Экспертлар ИШИД шу вақтгача шиалар масжидига ҳужум қилгани, бу гал эса суннийлар намоз ўқийдиган масжид портлатилганига эътибор қаратган. Уларнинг тахмин қилишича, «Толибон» мамлакатни эгаллаганининг бир йиллиги муносабати билан амалга оширилган терактни ИШИДчилар амалга оширган бўлса, бу уларнинг ҳужум қиладиган доираси кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Ярадорларга кечиктириб бўлмас ёрдам кўрсатувчи асосий нодавлат тиббиёт ташкилот раҳбари Стефано Соцца шифокорлар 35 кишига ёрдам кўрсатгани, улар орасида болалар ҳам бўлганини айтди. «Шифокорларимиз кечаси билан хирургик ёрдам керак бўлганларни операция қилишди. Улар портлашда яралангани учун танасидан турли хил буюмлар парчасини олиб ташладик, ташқи томондан эса кўпчиликнинг танасида куйиш кузатилган», дейди Соцца.
Фото: Reuters
Шифокорнинг тахмин қилишича, портлаш масжид ичкарисида содир бўлган: «Афтидан, намоз вақтида кимдир масжидга кириб борган ва қўлбола портловчи воситани ишга туширган. Ичкарида одам кўп бўлган, унинг (худкушнинг) ёнида бўлган одамлар ҳалок бўлган», деб ўз тахминини билдирган ярадорларни кўздан кечирган шифокор.
Докторнинг айтишича, мустақил шифокорлар ташкилоти август ойининг ўзида портлаш ёки бошқа турдаги оммавий қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида яраланган 80 кишини даволаган. «Мамлакат ўз келажагини барбод қилувчи жуда узоқ давом этаётган можаро сабаб силласи қуриб бормоқда», дейди у.
Толибон расмийси Забиҳулло Мужоҳиднинг айтишича, терактни амалга оширганлар топиб, жазога тортилади.
Қурбонлар сони кўпайиб бормоқда
БМТнинг Афғонистондаги миссияси ўзининг Твиттераги саҳифасида терактни кескин қоралаб, охирги вақтларда тинч аҳоли орасида қурбонлар кўпайгани, охирги ҳафтанинг ўзида 250 киши қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганини билдирди. Бу охирги бир йилдаги энг юқори бир ойлик кўрсаткични ҳам ортда қолдирди. БМТ миссияси Афғонистон ҳукуматини ҳар қандай террорчилик ҳаракатларини бартараф этишга чорлаган.
Афғонистон, Толибон, Кобул, Теракт, Масжид “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Файзуллаев ва Европа: унга берилган икки хил баҳо...
КХДР аскарларлари урушга кирди. Разведка нима демоқда?
Туркия клуби собиқ президенти ҳакамга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди