16:12 / 08.09.2022
4 705

Японияда Олимпиада амалдорлари коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинмоқда

Японияда Олимпиада амалдорлари коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинмоқда
Фото: Getty Images
Токио Олимпиадасига тайёргарлик жараёнини олиб борган бир неча амалдорлар порахўрликда гумон қилинмоқда. Олимпиада дастлаб 2020 йилнинг ёзида бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия туфайли бир йилга қолдирилди. Натижада, ўйинлар 2021 йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар ўтказилди.

Ташкилий қўмита собиқ раҳбари Харуюки Такахаши шу йилнинг август ойида ҳибсга олинди. Июл ойи охирида прокурорлар 78 ёшли Такахашининг уйида тинтув ўтказишди. Шунингдек, Dentsu компанияси офиси ҳам кўздан кечирилди. Такахаши ушбу компания раҳбарияти аъзоси эди.

Dentsu компанияси Токио ўйинлари учун ҳомийларни танлаб олиш билан шуғулланган. Ҳозирда унинг бир неча ходимлари ҳибсга олинган.

Харуюки Такахаши. Фото Global Look Press
Япония пойтахтида нималар бўляпти?

Раҳбарнинг ҳибсга олиниши
Токио-2020 Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси собиқ раҳбари 45 миллион иена (тахминан 400 минг доллар) пора олганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, амалдор раҳбарлик қилган компания бу пулларни AOKI кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компаниясидан консалтинг шартномаси асосида олган. Шу билан бирга, AOKI қўмита учун расмий либослар тикиш ва Олимпия рамзларидан фойдаланиш бўйича буюртмани қўлга киритган.

Такахаши айбловларни инкор этмоқда ва консалтинг хизматлари Олимпиада учун эмас, балки умуман спорт билан боғлиқлигини таъкидламоқда. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) қоидаларига кўра, ташкилий қўмита раҳбари давлат хизматчиси сифатида ўз фаолияти учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга эмас.

NHK телеканали хабарига кўра, Kadokawa компанияси ўйинларга ҳомийлик ҳуқуқини олиш учун Такахашига 69 миллион иена (490 минг доллар) тўлаган. Ушбу мақомни олгандан сўнг, улар консалтинг фирмаси ҳисобига умумий ҳисобда 540 минг доллар ўтказиб беришган. Kadokawa ўйинлар учун босма материаллар ва қўлланмаларни ишлаб чиқарган. Бироқ, компания раҳбари ушбу тўловларни пора деб ҳисобламаяпти, чунки пуллар шахсан Такахашига берилмаган.

Kyodo агентлиги хабарига кўра, Такахаши яна 26 миллион иена (185 минг доллар) миқдорида пора олганликда гумон қилинмоқда. Реклама билан шуғулланувчи Daiko Advertising компанияси Такахашига яқин бўлган бизнесмен бошқарадиган консалтинг фирмасига уч марта пул ўтказган. Тергов маълумотларига кўра, япониялик амалдор ўтказилган маблағларнинг бир қисмини олган. Бу Такахашининг эҳтимолий порахўрлиги билан боғлиқ учинчи ҳолат. Daiko Advertising компанияси тергов билан ҳамкорлик қилишини маълум этди.

Шерикларнинг ҳибсга олиниши
AOKI компанияси билан боғлиқ можарода собиқ бош вазир Ёсиро Мори ҳам шубҳа остига олинган. Япония прокуратураси уни кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компаниядан пора олган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Kyodo агентлиги хабарига кўра, гап 2 миллион иена (тахминан 15 минг доллар) миқдоридаги пул ҳақида кетмоқда. Морига қарши тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Собиқ бош вазир ҳозирча бу айбловларга изоҳ бермади.

Хиронори Аоки. Фото Global Look Press
AOKI вакиллари, жумладан компаниянинг собиқ раҳбари Хиронори Аоки, шунингдек, собиқ вице-президент Хакахиса Аоки ва филиаллардан бирининг собиқ раҳбари Юхиса Уэда ҳибсга олинган.

Шунингдек, пойтахт прокуратураси ордерига биноан, консалтинг фирмаси раҳбари Казумаса Фуками Такахашининг жиноий шериги сифатида ҳибсда сақланмоқда. Kadokawa нашриётининг собиқ ижрочи директори Тошиюки Ёшихара ва менежери Кежи Манива ҳам ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, улар 2019 йилдан 2021 йилгача Такахашига пора берганликда гумонланмоқда. Нашриётнинг бош офиси ва унинг раиси Цугухико Кадокава уйи аллақачон тинтув қилинган.

Такахашининг ўзини ҳисобга олмаганда, ҳибсга олинганлар сони беш нафарга етди ва бу фақат бошланишига ўхшайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг